Ўзбекистон Тожикистоннинг энергетик режаларини сустлатишга уринмоқда

Ўзбекистон Тожикистоннинг энергетик режаларини сустлатишга уринмоқда

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сув-энергетика зиддияти Тошкентнинг тожик электр энергиясини импорт қилишга қизиққан Исломободни бу режадан воз кечишга ишонтиришга уринишидан кейин янги босқичга чиқди.

NBCA экспертлари сўзларига кўра, минтақадаги сув-энергетика лойиҳалари атрофида яқинда содир бўлган дипломатик воқеалар бунақа масалаларда сиёсий ечимга келмай туриб, иқтисодий ҳамкорлик олға силжий олмаслигини кўрсатди.

Покистон бош вазири Юсуф Ризо Ғилонийнинг 24-25 март кунлари Тошкентда ўтказган икки кунлик расмий сафари Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси бу мамлакат энергетика маҳкамалари вакиллари билан ой бошида бўлган учрашуви чоғида норозилик хатини топширгани матбуотда кенг ёритилиши қабатида бўлиб ўтди. Ўзбек дипломати хатида Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида электрнинг минтақавий савдоси бўйича Ўзбекистон томонининг норозилиги акс этганди.

Бу хабар Покистонда чиқадиган Dawn газетасининг якшанба кунги сонида 13 март куни чоп этилди. Мақолада қайд этилишича, расмий Тошкент Покистонга лойиҳада иштирок этишдан тийилишни таклиф этган.

“Марказий Осиё – Жанубий Осиё” (“CASA-1000”) лойиҳаси Тожикистон ва Қирғизистондан ортиқча гидроэлектро энергияни Афғонистон орқали Покистонга экспорт қилиш учун узунлиги 750 км ва қуввати 1000 мегаватт бўлган электр узатиш тармоғини қуришни кўзда тутади.

Покистон газетасининг ёзишича, мактубда Тожикистон Роғун ГЭСи қурилиши бўйича унинг атроф-муҳитга трансчегаравий таъсири ҳақида мажбурий ҳисобот тақдим этмагани учун лойиҳа халқаро шартномаларга зид келиши таъкидланади.

Тожикистон Ўзбекистон ҳудудидан оқиб ўтувчи ҳамда Туркманистонни сув билан таъминловчи Амударё бошланишида йирик Роғун тўғони қурилишини олиб бормоқда.

Қирғизистонга келсак, у аввал Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудидан, кейин эса Қозоғистон ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарёнинг асосий ирмоғи бўлмиш Норин дарёсида Қамбарота-1 ва Қамбарота-2 номли иккита ГЭС қуришни режалаштираяпти.

Минтақанинг асосий сув артерияларида янги тўғонлар қурилиши дарёлар қуйисида жойлашган мамлакатлар хавотирларига сабаб бўлмоқда, улар бунинг суғориш ва бошқа эҳтиёжлар учун зарур бўлган сув оқимини камайтиришидан ташвишланмоқдалар.

Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп бўлган Ўзбекистон бу борада тобора кўпроқ норозилик билдирмоқда. Бу мамлакатнинг асосий қишлоқ хўжалик маҳсулоти барқарор валюта манбаси - пахта бўлиб ҳисобланиб, у жуда кўп сув талаб қилади.

Ўзбекистон бадал ўлароқ Исломободга Покистон ҳудудидаги Сват дарёсида гидроэнергетик лойиҳаларни ишга тушириш учун молиявий ёрдам тақдим этиш ҳақидаги масалани кўриб чиқишни ваъда қилди, дейилади мақолада.

Ўзбек томони хатида кўтарилган бу муаммо Покистон бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида кун тартибига киритилиши кутилганди. Бироқ ташриф натижалари бўйича Ўзбекистон давлат сайтларида чоп қилинган расмий баёнотда бунга ишора ҳам бўлгани йўқ. Афтидан, бу масала бўйича музокаралар ёпиқ эшиклар ортида ўтган кўринади.

Норозилик хатидан кейин Тожикистоннинг Исломободдаги элчиси 16 март куни Покистоннинг сув заҳиралари ва энергетика вазири билан учрашди. Тожикистон томони Покистон “CASA-1000” лойиҳасини амалга оширишда иштирок этишдан бош тортмаслиги бўйича вазирдан ваъда олди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги зиддият Қирғизистон ва Тожикистонда ГЭС барпо этиш бўйича ўз қўшнилари режаларидан норози бўлган расмий Тошкент гидроиншоотлар лойиҳаларига нисбатан талабларни кучайтиришни таклиф қилганидан ва бу лойиҳаларнинг атроф-муҳитга трансчегаравий таъсири ҳақида ҳисобот талаб қилганидан кейин кучайиб кетди.

NBCA суҳбатлашган таҳлилчилар ҳозирги таранг шароитда бундай кўп мақсадли сув-энергетик лойиҳаларнинг амалга оширилиши катта дипломатик уринишлар талаб қилади, деган фикрда якдиллар.

Аммо улар фикри Ўзбекистон бу лойиҳани қабул қилолмаётганининг ҳақиқий сабаби ҳақидаги масалада бир-биридан фарқ қилади.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев ўзбек расмийларининг “CASA-1000”га нисбатан салбий муносабати кўпроқ Роғун ГЭСи қурилишига йўл бермаслик истаги билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.

Душанбеда фаолият юритувчи Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Нуриддин Қаршибоев фикрича, “Тошкент Қирғизистон ва Тожикистонга энергетик жиҳатдан қарам бўлиб қолишдан қўрқмоқда”.

Тошкентлик таҳлилчи Абдураҳмон Ташанов эса президент Ислом Каримов сув-энергетика масалаларида у билан “аввалдан маслаҳатлашишлари”ни истаётганини таъкидлайди.

Бошқа таҳлилчилар бундай лойиҳаларни олға силжитишда минтақада таъсирли ўйинчи бўлган ва Ўзбекистонга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган Россия каби мамлакатлар иштироки ёрдам бериши мумкинлигини қайд этдилар.

Россиядаги Сиёсий конъюнктура марказининг етакчи эксперти Дмитрий Абзалов фикрича, “[Лойиҳалар] муваффақияти кўпроқ шунга боғлиқ”.

Озарбайжоннинг Энергетик тадқиқотлар маркази раҳбари Ровшан Ибрагимовнинг қайд этишича, CASA-1000 лойиҳасининг амалга оширилиши учун анча вақт керак бўлади.

“Мазкур лойиҳа яна узоқ вақт ҳукуматлараро даражада долзарб бўлиб туради”, - деди Ибрагимов.

У электр узатиш тармоғи ўтказилиши мўлжалланаётган мамлакатларда хавфсизлик билан боғлиқ муаммо мавжудлигига ишора қиларкан, “Марказий Осиё – Жанубий Осиё” лойиҳаси истиқболига шубҳа билан қарашини билдирди.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.
 

Frontline Updates
Support local journalists