Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистон президенти хавфсизлик хизматини тартибга солмоқда

Қачонлардир қудратли бўлган махсус хизмат бугун ислоҳотлар таъсирида заифлашган.
By Timur Toktonaliev, Turonbek Kozokov
  • Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев. (Фото: Пресс-служба президента Узбекистана)
    Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев. (Фото: Пресс-служба президента Узбекистана)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қудратли тузилма бўлган Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини ислоҳ қилишга киришди. Ушбу қадам президентнинг 2016 йил декабрда ҳокимиятга келганидан кейин бошланган реформалар сериясининг энг муҳими бўлди.

Март ойининг ўрталарида Мирзиёевнинг фармони чиқди. Унда узоқ йиллар давомида махфий репрессив полиция ҳисобланган МХХ кескин танқид қилинди. Бу ҳодиса махсус хизматни 1995 йилдан бери бошқариб келган унинг нуфузли раиси Рустам Иноятовнинг истеъфога чиққанидан бир ой ўтиб рўй берди.

Фармонга мувофиқ, бир қатор масалалар, жумладан давлат институтлари хавфсизлиги, учун жавобгарлик 1 апрелдан бошлаб МХХдан ички ишлар вазирлигига ўтди. Бошқа вазифалар, шу жумладан хавфсизлик кучларини шакллантириш ва таъминлаш, мудофаа вазирлигига топширилди. Шунингдек, идора номи Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) деб ўзгартирилди. 

Президент МХХнинг “асоссиз равишда кенгайиб кетган” ваколатларига чек қўйилишини билдирди. Ўтмишда “ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келинган. Ислоҳотлар идоранинг эътиборини давлат миқиёсидаги реал таҳдидларга қаратади”.

Фармонда яна таъкидланишича, хавфсизлик хизмати одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини, шунингдек давлатни ташқи ва ички хавф-хатарлардан  ҳимоя қилиши керак.

МХХ бутун мамлакат бўйлаб кўп сонли  йирик бўлимларга ва чет элда агентура тармоқларига эга. Мирзиёев идоранинг марказлашган назорати давлат органлари фаолиятининг барча соҳаларига асоссиз аралашувига олиб келганини таъкидлади.

Хусусан, МХХ раисининг истеъфога чиққани муҳим воқеа бўлди, чунки Иноятов Ислом Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистоннинг энг қудратли амалдорларидан бири эди. Энди у президент маслаҳатчиси ва парламентнинг юқори палатаси сенатори этиб тайинланди, бу эса ўз навбатида уни жиноий таъқибдан озод қилади.

Мирзиёев даври бошлангач, Иноятов ўринбосарларининг баъзиларидан омад юз ўгирди. 2017 йилнинг ноябр ойида маҳаллий ОАВлар МХХ раҳбарининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовни олий суд томонидан  бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, бир миллиард АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилгани ҳақида хабар берди. Ғуломов маблағларни легаллаштириш, қурол ва наркотик савдоси ҳамда порахўрликда айбдор деб топилган.

Лавозимидан озод қилинган яна икки депутат ҳамда марказий аппарат ва ҳудудий бўлимларнинг бошқа ўнлаб юқори мансабли ходимларининг ҳуқуқий тақдири маълум эмас.

2015 йилдан буён Ўзбекистоннинг бош прокурори лавозимида ишлаган Ихтиёр Абдуллаев Иноятовнинг ўрнини эгаллади ва Давлат хавфсизлик хизмати идорасининг раиси бўлди.

Сурхондарё ва Бухоро вилоятларига ташрифи чоғида Мирзиёев бош вазир бўлиб ишлаган даврларда МХХ раҳбарлари маҳаллий мансабдорлар ва тадбиркорларга қарши сохта жиноий ишлар очиб, уларни қамоққа ташлаганлари ҳақида эшитганини айтди.

“Буларга ҳеч ким бундай ваколат бермаган, лекин ўзлари олди. Жазо муқаррар бўлади, лекин адолатли бўлади. Битта погон кийган ноинсофларга бирорта давлатда ундай ваколат берилмайди” - деди Мирзиёев Бухорода фаоллар билан учрашувда.

“Уларнинг кўпи қонун олдида жавоб беришни бошлади. Булбулдай сайраяпти. Ҳали улар кўп фуқароларни киргизган жойларига ўзлари киргани йўқ”, - деди президент.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аянчли ҳолга келиб қолган, ва МХХ юзлаб оддий фуқаролар, фаоллар ва диний уламоларни қамаш ва қийноққа солиш учун жавобгар саналади.

Каримов инсон ҳуқуқлари уюшмалари томонидан қилинган танқидларни қабул қилмасди. У ўзининг қаттиққўл сиёсатини терроризм ва экстремизмга қарши кураш, дея оқларди.

Мирзиёев ҳокимиятга келгач, ўтмишдаги камчиликларга изоҳ бериб ўтирмади, лекин ҳукумат халққа хизмат қилиши ва унга нисбатан адолатли бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди.  Шундан сўнг баъзи сиёсатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари озод қилинди.

“Миллий хавфсизлик хизмати давлатнинг куч ишлатар структураси сифатида “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” принципи бўйича ишлаши лозим”, - деди Мирзиёев 31 январ куни хавфсизлик хизмати офицерлари йиғилишида.

Бухоро шаҳридаги ҳуқуқий гуманитар марказ директори Шуҳрат Ғаниевнинг фикрича, президент чиндан ҳам МХХни ислоҳ қилишга интилмоқда.

“Мен ҳамон президент махсус хизматларни чин юракдан ислоҳ қилмоқчи, деб ҳисоблайман. Вазият шунчалик кескинлашдики, агар идора ўзгаришларсиз қолдирилганида, ижтимоий муаммолар келиб чиқиши мумкин эди”, - дейди у. Ғаниевнинг яна таъкидлашича, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилишлар кескин камайган.

“Тийиб туриш ва мувозанатлар тизимининг ўрнатилиши МХХни бошқариб бўлмайдиган маҳлуққа айланиб кетишига йўл қўймайди. Айнан шунинг учун бизга мустақил ОАВлар ҳамда мустақил суд тизими ва парламент керак. Ушбу уч структура Ўзбекистонда систематик ва абадий реформаларни таъминлаши керак” - дейди Ғаниев хулоса қилиб.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” жамияти раҳбари, Францияда истиқомад қилиб келаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Надежда Атаеванинг фикрича, Иноятовга иммунитет берилмаслиги керак эди.

“Чет элда истиқомад чилаётган ўзбекистонликларга суиқасд қилишга уриниш ҳолатлари бўлган. МХХ шу каби жиноятларнинг ташкилотчиси бўлган. Барча сиёсий ва диний таъқиблар эътиборга олиниши керак,  янги ҳокимият эса ушбу ҳолатларни текшириши лозим, чунки таъқибга учраганларнинг барчаси ҳамон МХХнинг “қора рўйхати”да турибди, ҳатто ўз муддатини ўтаб бўлганлар ҳам”, - дейди Атаева  IWPR билан суҳбатда.

Марказий Осиё бўйича россиялик эксперт Андрей Грозиннинг таъкидлашича, президент МХХ таъсирини заифлаштиришда давом этади, ва идоранинг барча тузилмалар устидан ўрнатган тотал назорати қисқаради.

Каримов бошқаруви даврида МХХ ва ИИБ ҳам ҳокимият учун, ҳам президентнинг ҳимояси учун рақобатлашган. 2005 йил Андижонда ўзбек куч ишлатар тизимлари намойишчиларни ўққа тутган ва юзлаб одамларни умрига зомин бўлган. Ўша қонли воқеалардан сўнг ички ишлар вазирлиги кескин танқид остига олинган, ва МХХ асосий ўринни эгаллаган.

“Менимча, президент Андижон воқеаларигача мавжуд бўлган тизимга қайтишни мақсад қилган. Яъни, ҳали устун бўлган куч маркази йўқ, турли хил куч ишлатар гуруҳлар, асосан МХХ ва ИИБ, бир-бирлари билан рақобат қиладиган тизимга”, -дейди Грозин.

Президентнинг шахсий қўриқлаш хизмати мавжуд. Ушбу тузилма асосий шахслар, жумладан президент, бош вазир ва спикернинг хавфсизлиги учун жавобгар. Грозиннинг айтишича, хизматни Мирзиёевнинг куёви бошқаради ва бу тузилма жиддий таъсир кўрсатувчи кучга айланиши мумкин.

Грозиннинг яна таъкидлашича, Иноятов хуш кўрилмай қолгани йўқ, балки у бошқа муҳим лавозимга тайёргарлик кўрмоқда. Бу икки киши олдинлари сафдош бўлган.

“Иноятовни унинг иродасига қарши ҳайдашганига ишончим комил эмас, - дейди у. - Бу саҳна ортидаги жараён бўлиши эҳтимоли бор ва икки асосий шахс кейинги фаолияти ҳақида келишиб олган бўлиши мумкин”.