Ўзбекистон ноқулай аҳволга тушиб қолди

Ўзбекистон ноқулай аҳволга тушиб қолди

Thursday, 24 June, 2010

News Briefing Central Asia томонидан сўралган сиёсий таҳлилчилар ўзбек фаолларининг Қирғизистон жанубидаги можарони халқаро тинчлик ўрнатувчи кучлар ёрдамида тартибга солиш бўйича чақириқларини турлича баҳоламоқдалар. Экспертлар ташқи кучларнинг аралашуви зўравонликнинг кучайиб кетишига олиб келади, деб ҳисоблаяптилар.

21 июнь куни Интернет нашрлар хорижий мамлакатларда жойлашган ўзбек ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари фаолларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мунга Қирғизистонга тинчлик ўрнатувчи контингентни олиб кириш учун шошилинч чора кўрилиши сўралган мурожаатномасини ёйинладилар. Улар “Қирғизистонда ўзбек халқининг геноцидини” тўхтатиш учун ушбу чора кўрилиши лозим деб айтдилар.

Қирғизистоннинг жанубида, Ўш ва Жалолобод шаҳарларида 11 июнга ўтар тунда бошланиб бир неча кун давом этган қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги сўнгги йигирма йил ичида содир бўлган энг кучли хунрезликлар давомида расмий маълумотларга кўра, икки юз элликдан зиёд, бошқа норасмий баҳоларга кўра эса икки мингдан ошиқ одамлар ҳалок бўлган. Маҳаллий аҳоли вакилларидан деярли тўрт юз минг киши қонли хунрезликлар туфайли уй-жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлган, уларнинг аксарияти ўзбеклар ташкил этади. Қочоқларнинг 80 мингдан ортиғи Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилди.

Халқаро гуманитар ташкилотлар тақдим этган маълумотларга кўра, бу можарога бир миллиондан зиёд одамлар жалб этилган. Қирғизистон расмийлари можаро миллий негизда содир бўлганини тан олдилар.

Қўшни мамлакатда содир бўлган этник тўқнашувлар Ўзбекистонда катта хавотирлик келтириб чиқарди. Сўнгги кунлар давомида маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилар ва фаоллар ўз мамлакати раҳбарларига ва халқаро ҳамжамиятга можарони бостириш бўйича илтимос қилиб мурожаат қилишдан тўхтамаяптилар.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилар, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ва Шимолий Атлантика альянсига мурожаат билан чиқдилар ҳамда “тинч аҳолини қириб солаётган бевош босқинчиларнинг бошбошдоқлигини тўхтатиш учун” керак бўлса ҳарбий аралашувгача бўлган барча муҳтамал чораларнинг кўрилишини сўрадилар.

“Биз Қирғизистонда юзага келган вазият тинчликка мажбур қилувчи халқаро механизмни зудлик билан ҳаракатга келтиришни талаб қилади деб ҳисоблаймиз”, - дейилади фаолларнинг баёнотида

Тошкентда жойлашган Эксперт ишчи гуруҳи Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат ёзиб “Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг шошилинч йиғилишини” ўтказиш ташаббуси билан чиқишни сўраб илтимос қилган эди.

“Музокаралар мавзуси сифатида бостирувчи кучлар тузиш масаласи бўлиб қолиши керак, - дейди гуруҳнинг Тошкентдаги координатори Суҳробжон Исмоилов. – Ўзбекистон Қирғизистон армия бўлинмалари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда қочоқларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг доимий яшаш жойларига қайтишни таъминлаш учун буфер зонасига ўз қўшинларини киритилишига изма-из эришиши лозим”.

Бироқ ушбу мақола тайёрланиши жараёнида сўралган сиёсатшунослар ташқи кучларнинг фаол иштироки бошқа локал можароларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиб қолишидан хавотир олмоқдалар.

“Қирғизистон жанубида содир бўлган нарса – бу ички можаро. Уни ўша давлатнинг ўзи ҳал қилиши лозим. Ўзбекистон ва бошқа халқаро ташкилотларнинг бунга нима алоқаси бор экан?”, - дея аччиқланади Бишкекдаги “Марказий Осиёда сиёсат, дин ва хавфсизлик” дастурининг раҳбари Ўрозбек Мўлдалиев.

“Ҳатто, ният холис бўлган тақдирда ҳам бу каби ўйланмай қилинган ҳаракатлар билан яна бир бошқа зўравонликлар тўлқинини келтириб чиқариш мумкин”, - дейди комил ишонч билан сиёсатшунос.

Бокудаги Гафгаз университетининг халқаро муносабатлар кафедраси мудири Ровшан Ибрагимовнинг қайд этишича, ўзбекистонлик фаолларнинг ташаббуси уларнинг гўёки ёрдам бериш иштиёқини кўрсатаётгандек бўлади, аммо аслида, бу ишлар аҳволни бундан-да оғирлаштириши мумкин.

Ўзининг ўй-фикрларида у шунга ўхшаш бошқа, Кавказ ва Косоводаги этник низоларнинг таҳлилига таянади.

“Гарчи улар ўзбек миллатига мансуб бўлса-да, бу ишлар Қирғизистон фуқаролари ўртасида бўлаётганини унутмаслик керак. Ҳар-хил гаплар, баёнотлар, ҳарбий контингент киритиш тўғрисидаги-ку, умуман гапирмаса ҳам бўлаверади, бу ишларнинг бари Қирғизистондаги можароларни кучайтириб юбориши мумкин”.

Можарони ҳал қилиш бўйича ёрдам бериш ташаббуси Россия ва Қозоғистондан чиққанида, дея тахмин қилади эксперт, эҳтимол уни амалга ошириш осонроқ бўларди. “Агар ташаббус улардан чиққанида, Ўзбекистон бу муаммо ҳал этилишининг ҳар қандай вариантларига қўшилиши мумкин бўларди деб ўйлайман, ҳозир эса Тошкентда интервенция ҳуқуқи йўқ”.

Бу вазиятда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш лозимлиги, акс ҳолда ҳар қандай ҳаракатлар турлича баҳоланиши мумкинлиги борасида тошкентлик сиёсат фанлари доктори Фарҳод Толипов гапирмоқда. У Ўзбекистоннинг ҳозирги “иккиёқлама ҳолати” уни қандайдир ҳаракатларни амалга оширишдан ушлаб турибди.

“Агар у [Ўзбекистон] аралашмаса, ўшлик ва жалолободлик ўзбекларни қутқариш учун етарли даражада чора кўрмаётгандек бўлиб кўринади, - дея фикр юритади сиёсатшунос. – Агар аралашадиган бўлса, Ўзбекистонни Қирғизистоннинг ички ишларига аралашаётганида айблашлари мумкин ва шу билан бирга, можаронинг янги тўлқини бошланиши мумкин”.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy фонди томонидан молиялаштириб келинаётган “Марказий Осий янгиликлар маълумотномаси” лойиҳа доирасида тайёрланган.

 

Frontline Updates
Support local journalists