Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистон: ноқонуний жанг клублари

By News Briefing Central Asia

Шарҳловчилар сўнгги йил давомида тобора кўп ёшлар интилаётган яширин жанг клублари сони кўпайганини қайд этмоқдалар. Бугунги кунда биргина Тошкентнинг ўзида камида 10 та ана шундай ёпиқ ринглар фаолият юритиб, уларда дам олиш кунлари жангчилар яккама-якка жангга тушадилар. Клублар, одатда, пойтахтнинг чекка туманларида жойлашган бўлади. Бино ё узоқ муддатга ижарага олинади, ёки сотиб олинади, бундай муассаса эгаларига хавфсизлик кафолатини эса куч ишлатар тизимлардаги юқори мартабали амалдорлар берадилар, дейишади жангчилар.

22 ёшли Беҳзод спорт соҳасида униб-ўсиш умидида ўтган йил баҳорида Андижондан Тошкентга келган. У кўп йиллар давомида бокс билан шуғулланган, мусобақаларда қатнашган ва пойтахтда ўз қобилиятини ривожлантириш учун катта имкониятлар борлиги ҳақида эшитган. Бироқ бу ерда унга яхшигина маош ва келажакда ишга жойлаштириб қўйиш эвазига нолегал рингдаги қонли жангда иштирок этишни таклиф қилишган. Беҳзод бунга рози бўлган.

“Рақобат кучли, пул топишнинг бошқа йўли эса йўқ”, - дейди у. Спорт қоидалари билан чекланмаган бундай ёпиқ жангларда иштирок этиш ортидан жангчилар ойига 1000 дан 1500 АҚШ долларигача пул топадилар, бу эса маҳаллий ўлчовлардан келиб чиқиладиган бўлса, катта пул. Спортчининг ойлик маоши 200-300 АҚШ долларини ташкил қилади. “Пировардида ёш жангчиларимиздан бир қисми юқори мартабали сиёсатчиларнинг шахсий тан соқчиларига айланади”, - дея қўшимча қилади Беҳзод ғурур билан.

Рашид исмли бошқа бир ёш боксчи яширин клубда шуғулланиш ишончли ва тинч иш эканини айтади.

“Бундай клубларга бу бизнесдан қўшимча даромад топадиган эътиборли кишилар раҳнамолик қилади, улар милиция ходимлари томонидан қўриқланади ва у жойларга кириш унчалик осон эмас, - дейди боксчи. – Қонли шоуни кўришга фақат сараланган кишилар келади”, - дея қўшимча қилади суҳбатдош.

Ўзбекистонда қоидасиз жанглар таъқиқланганига қарамай, ёпиқ рингда ёзилмаган қонун-қоида мавжуд: жанг бирга-бир ўтказилади ҳамда рақибларнинг бири талабига кўра ёки рақиб жангни давом эттиролмай қолган тақдирда тўхтатилади.

Томошабинлар орасида куч ишлатар тизимлар, прокуратура ходимлари, сиёсатчилар, бизнесменлар, бадавлат оиладан бўлган ёшлар бўлади.

Қонли жанглар тасвирга туширилган видеотасмаларнинг ҳам бу шоу ишқибозлари орасида бозори чаққон, дисклар етказиб берувчиларнинг яширин тармоғи орқали “енг ичида” сотилади.

Бундай клублар фаолияти билан яхши таниш бўлган тошкентлик спортчи ёпиқ рингларнинг жиноийлашув хавфи бор, деб ҳисоблайди.

“Агар жангчи яхши натижани кўрсатса, у билан қўшимча ишланади, сўнг эса ундан рэкет ҳамда тадбиркор ва номақбул кишиларга нисбатан босим ўтказиш мақсадида бўлажак “ҳисоб-китоб” ишларида фойдаланишлари мумкин”, - дейди спортчи ташвиш билан.

У расмийларга дунё амалиётида бўлгани каби бундай клублар фаолиятини назорат остига олиш учун уларни легаллаштириш ҳақида ўйлаб кўришни тавсия қилади.

Тошкентдаги яширин клубнинг исми ошкор этилишини истамаган боксчиси клубдаги беш нафар боксчи қоидасиз жанглардан ташқари яна жиноий “ҳисоб-китоб”ларда ҳам иштирок этишларини билиши ҳақида гапиради.

“Бизда ҳеч ким ҳеч кимни мажбур қилмайди, - дейди боксчи. – Агар спортчи бундай йўл билан қўшимча пул топишни истаса, у бунга ўз розилигини беради”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.