Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистон: ижтимоий тармоқлар махсус хизматлар нишонида

By News Briefing Central Asia

Ўзбекистонда оммабоп интернет-ресурсларга кириш қисман чеклаб қўйилди, буни маҳаллий форум фойдаланувчилари ўзларининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги норозилик чиқишларини фаол муҳокама қилганлари билан боғламоқдалар.

Феврал ойи бошларида ўзбекистонлик интернетдан фойдаланувчилар жаҳон ўргамчак уясидаги айрим ижтимоий тармоққа киришда чекловлар бўлаётгани ҳақида хабар қила бошладилар.

“Ижтимоий тармоқларга тўсиқ қўйиш Мисрдаги ғалаён сезиларли даражада кучайганидан кейин бошланди, - дея ҳикоя қилади маҳаллий блоггерлардан бири. – Facebook тармоғига кириш мумкин, бироқ агар киши таъқиқланган деб қаралувчи сайтлар хабарларига ёзилган бўлса, унинг саҳифаси очилмаяпти”.

Ўзбекистонда маън қилинган веб-сайтлар сирасига ВВС, “Озод Европа/Озодлик” радиоси, “Америка овози” радиоси, Ferghana.ru, Uznews, Memo.ru, Ng.ru ва бошқа шу каби мустақил минтақавий ва ғарбга оид сайтлар киради.

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатдаги интернетдан фойдаланувчилар сони етти миллионга етади. “Озодлик” радиосининг “Ёш тўлқин” блоги тадқиқотларига мувофиқ, 2011 йил феврал ойи бошларида Facebook ижтимоий тармоғида 55 мингга яқин ўзбекистонлик фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Twitter хизматидан эса тақрибан минг нафар ўзбекистонлик фойдаланади.

Facebook ,Twitter, Livejournal каби ижтимоий тармоқлар гўё очиқдек, бироқ Тунис, Баҳрайн ёки Ливиядаги норозилик намойишлари сингари янгиликлар муҳокама қилинаётган чат саҳифалари юкланмаяпти ва мониторда акс этмаяпти.

NBCA шарҳловчилари ижтимоий тармоқ шахсий саҳифаларига киришдаги муаммолар Ўзбекистонда маън қилинган мустақил ресурслар ўз саҳифаларида Яқин Шарқда содир бўлаётган воқеалар таҳлилини чоп қила бошлаганидан, сайт муштарийлари эса бу мақолаларга шарҳ ёза бошлаганидан кейин юзага келганини қайд этадилар.

“Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати IP-манзилларни кузатиб, оммабоп ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчиларнинг саҳифаларини блокировка қилмоқдалар, кейин эса уларни суҳбатга чақириб, бу сайтларга киришни бас қилишни талаб қилмоқдалар”, - дейди Arbuz.com интернет-форуми фаол иштирокчиларидан бўлган тошкентлик суҳбатдош.

Феврал ойи ўрталаригача бу оммабоп платформага киришнинг имкони йўқ эди, форум қайта ишлай бошлаганидан кейин эса ундан фойдаланувчиларнинг мамлакатда ва хорижда содир бўлаётган воқеалар ҳақида муқобил фикрлар айтадиган асосий ва энг кўп ўқиладиган рукнлари олиб қўйилганди.

Тошкентда фаолият кўрсатувчи ва ўзбек жамиятидаги ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-ҳуқуқий жараёнлар таҳлили билан шуғулланувчи Экспертлик ишчи гуруҳи тадқиқотларига кўра, маҳаллий форумларда феврал ойи бошларида Мисрда содир бўлган воқеаларнинг фаол муҳокама қилиниши интернет-ҳамжамиятнинг мисрлик намойишчилар билан “бирдамлиги”ни намойиш қилди.

Кўплаб ижтимоий тармоқларнинг тошкентлик иштирокчиси Интернетда дунёқарашни ифодалаш эркинлигини чеклаш уриниши айнан расмийларнинг араб мамлакатларидаги оммавий намойишлар қабатидаги хавотири билан боғлиқ, деб ҳисоблайди. “Очиқ Интернет-майдонларни цензура қилиш бир неча баробар кучайиб кетди”, - дея таъкидлайди у.

Бироқ расмийлар аввалдан очиқ бўлган ва ривожланиб бораётган ресурсларни тўлалигича блокировка қилиш имкониятига эга эмаслар.

“Расмийлар барча халқаро анжуманларда ахборот олиш имкони бўйича гўё эркинлик мавжудлигини намойиш қилиб келмоқдалар ва шунинг учун ҳам улар Ўзбекистондаги бутун виртуал фазони иҳота қилиб қўя олмайдилар, уларнинг бундай қилишларига йўл қўймайдилар”, - дейди ишонч билан маҳаллий журналистлардан бири.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.