Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистон диндорлари учун оғир ишлар

Ҳуқуқ фаолларига кўра, “ахлоқ тузатиш ишлари” қисқа ва узоқ муддатга ҳибсга олинганлар учун одатий жазога айланиб бормоқда.
By IWPR Central Asia

(Инглиз ёки рус субтитрларини ёқиш учун плеернинг пастки қисмида жойлашган субтитрлар тугмачасини босинг.)

AAЎзбекистонда “диний жиноятлар” сабабли ҳибсга олинган кишиларни жазолаш мақсадида одатда уларни қўл меҳнати билан шуғулланишга мажбур қилишади.

Ҳуқуқ фаолларининг айтишларича, муайян қарорларда йўл қўйилиши мумкин бўлган “аҳлоқ тузатиш ишлари” тўғрисидаги суд ҳукмлари исломий ва насроний адабиётларга эгалик қилишда айбланган (ноқонуний деб қаралаётган бу каби китобларга эгалик қилиш аслида майда қонунбузарлик бўлиб ҳисобланади) кишиларга нисбатан кўпайиб бораяпти.

Авваллари улар деярли ҳар доим жаримага тортилар ёки икки ҳафта ё бир ойга ҳибсга олинарди.

«Ўн беш суткага ёки бир ойга кесишади. Уларни қурилиш объектларида ишлашга ёки кўча супуришга олиб кетишади», - деди IWPRга берган интервьюсида Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи раиси Суръат Икромов.

Қонунбузарларнинг икки асосий тоифаси мавжуд. Биринчиси, даъват қилганлик ёки ёнидан ноқонуний диний адабиёт чиққани учун судланган мусулмонлар. Ўзбекистон асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган мамлакат бўлишига қарамай, ҳукумат мухолифат манбаси бўлган радикал ислом ривожидан чўчийди. Гумонланувчи радикаллар кўпинча ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланади, бу эса 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Майда қонунбузарликларга нисбатан одатда 15 суткадан 30 суткагача «маъмурий ҳибс» жазоси қўлланилади.

Икромов сўзларига кўра, гумонланувчи исломийлар кўпинча қисқа муддатли жазо оладилар ва ишлаш учун жўнатиладилар.

Май ойида олти киши ваҳҳобийлик фаолиятида айбланди – Ўзбекистонда бу ёппа қамровли тушунча сунний фундаментализмнинг ҳар қандай турига нисбатан қўлланилади. Икки киши янада жиддийроқ жиноятда, янги аъзоларни ўз сафларига тортганликда айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган, бошқа тўрт киши эса 30 суткага ҳибс қилиниб, ғишт заводида ишлашга ҳукм этилган.

Ҳар йили кузда бундай маҳбуслар талабалар, ўқитувчилар ва давлат хизматчилари билан биргаликда пахта теримига юборилади.

“Расмийлар пахта далаларида, қурилиш майдонларида ва малака талаб қилинмайдиган бошқа соҳаларда ишчилар етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун ҳақ тўланмайдиган меҳнатдан фойдаланишга қарор қилганлар, - дейди Икромов IWPRга. – Диндор одамларга нисбатан кўп жиноий иш қўзғатилаяпти, улар ишлашга мажбур”.

«Исломийликка оид» айбловлар бўйича кўп йилларга озодликдан маҳрум қилинганлар ҳам ишлашга мажбурлар. Икромовнинг баҳосига кўра, Ўзбекистондаги 110 минг маҳкумдан 12 минг нафари диний мотивлар билан ўтирибдилар.

«Уларда тартиб қаттиқ. Уларнинг вазияти оғир. Уларни кўпроқ ишлатиб, камроқ ҳақ тўлашга ҳаракат қилаяптилар, қийноқларга дучор қилаяптилар, таҳқирлаяптилар», - дейди у.

Иккинчи тоифа унча кўп бўлмаган насронийлар гуруҳи аъзолари, масалан, баптистлардан иборатдир. Расмийлар ибодат учун йиғилганларга нисбатан мунтазам равишда кескин чора кўриб келадилар ва уларни бошқа одамларни ўз динига ўтказаётганликда айблайдилар. Келиб чиқиши хориждан бўлган бу гуруҳлар “ноанъанавий” дея таъриф этилади ва уларга рус православ черковига мансуб кишиларга нисбатан бошқачароқ муносабатда бўлинади.

Православлар “ноанъанавийлар”дан фарқли ўлароқ рус ва бошқа славян халқлари вакилларидан иборат қавм хорижида бошқа кишиларни ўз динига ўтказишга уринмайдилар.

Ўзбекистон шимолий-ғарбидаги Хоразм вилоятидан бўлган 44 ёшли Шарофат Аламова ноқонуний насроний адабиёти сақлаганлик ва тарқатганлик учун судланганидан кейин 2013 йилнинг май ойида 1,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Протестантликка динига риоя қилган бу аёл ўтган йили янги йил байрамида болаларга Инжил ҳикоялари акс этган компакт-дисклар тарқатганди.

Аламова қамоқ жазоси ўрнига 3800 АҚШ долларига тенг бўлган жаримани тўлаши ҳам мумкин эди, бироқ унда бундай маблағ бўлмаган. Унинг суд ҳукми юзасидан апелляция тартибидаги шикояти рад этилган. Қисқа муддатга қамалган бошқа маҳбуслардан фарқли равишда у ҳаракат чеклови билан ҳамда кўча супуриш, ахлат йиғиш ва мусулмонлар қабристонини тозалашгача кунига ўн соатгача ишлаш талаби билан шартли равишда озод қилинган.

“Бу жуда оғир иш, аммо мен уни қилишга мажбурман”, - дейди у мажбурий меҳнат тугаганидан кейин озроқ пул топиш учун бошқа ишни ҳам қилишга мажбур эканини қўшимча қиларкан.

Ўзбекистонлик протестант руҳонийси IWPRга унинг қавми ва бошқалар, айниқса, улар давлат идораларида “диний ташкилот” сифатида қайддан ўтмаган бўлсалар, исталган пайтда ҳибс этилишлари мумкинлигини айтади. Сўнгги етти йил ичида у расман рўйхатдан ўтишга уриниб келаяпти, бироқ бу ҳаракатлар самара бермаяпти.

“Ҳозир ҳуқуқ-тартибот идоралари насронийларга ҳужум қилишдан ҳайиқмайдилар. Одамлар калтакланганларида прокуратурага шикоят қилмайдилар, чунки улар ўзларининг ва оилаларининг ҳаёти учун хавфсирайдилар, - дейди руҳоний. – Биз ўтмишдаги насронийлар каби пана-пастқам жойларда яшириниб юришга мажбур бўлаяпмиз”.

(Сўралганлардан айримларининг исмлари уларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан очиқланмади).