Ўзбекистон: БЦФли болалар базўр кун ўтказмоқда

Ўзбекистон: БЦФли болалар базўр кун ўтказмоқда

Ўзбекистонлик медиклар туғруқ пайтидаги оғир жароҳатлар туфайли церебрал фалажлик билан туғилаётган болалар сони сўнгги уч йил ичида ошиб бораётганини қайд этмоқдалар.

“Туғадиган аёлларнинг кўпчилиги ҳомилани қандай қилиб тўғри кўтариб юриш ҳақида маълумотга эга эмас, уларнинг кўпи туғруқ пайтида жароҳат олади”, - деди Тошкентдаги соғлиқни тикловчи тиббиёт ва реабилитация марказида ишловчи, исми сир қолиши шарти билан гапирган шифокор.

30 ёшли Нигора бир ўзи икки фарзандни тарбия қилмоқда. Фарзандларидан бири - беш ёшли Амирда туғма церебрал фалаж аниқланган.

Амир касалванд туғилганини билган эри Нигорани ташлаб кетган. Нигоранинг айтишича, у ўзининг Тошкентдаги кичкина квартирасида “сассизгина изтироб чекиб ўтирибди”.

“Куёвим унга соғлом ўғил кераклигини айтди ва унинг ота-онаси ҳам касал бола уларнинг оиласини шарманда қилишини айтиб, ўғилларини қўллашди”, - дея ҳикоя қилади у йиғи аралаш.

Нигоранинг сўзларига кўра, у боласи церебрал фалаж билан туғилганидан кейин эри кетиб қолган “жуда кўп” аёлларни билади.

Ўзбекистонда церебрал фалаж хасталиги бўлган болаларга ногиронлар каби қаралади ҳамда уларнинг ота-онасига давлат болани даволаш учун ва нафақа сифатида ойига 60 минг ўзбек сўми ($ 23) ҳажмида пул тўлайди. Бу даволаниш курси ўртача 600 АҚШ долларига тушадиган маҳаллий хусусий тиббиёт марказида болани муолажа қилдиришга кетадиган маблағ олдида арзимаган пулдир.

“Давлат бунақа болаларни даволашдан манфаатдор эмас, атрофдаги одамлар бизни кўриб-кўрмаганга олаяпти, жамият ўзини биздан иҳоталаб олган”, - дея шикоят қилади Нигора кўзида ёш билан.

Давлат томонидан тўланадиган озгина ижтимоий нафақадан ташқари бундай болалар даволаниш чоғида ҳатто бошқа тоифадаги касалларга берилгани каби махсус тиббий имтиёзлар ва бепул дорилар олиш ҳуқуқига ҳам эга эмас.

Ангренлик тўрт яшар Игорь Саркуловнинг онаси церебрал фалаждан азият чекаётган ўғлининг саломатчилигини маромида тутиб туриш учун йилига ҳеч бўлмаганда бир марта махсус муолажа курсидан ўтиш кераклигини, бунинг учун эса унда ҳечам пул йўқлигини айтади.

“Бизнинг бунга қурбимиз етмайди, баъзан у қаттиқ азоб чекади, аммо мен ўғлимнинг ё қорнини боқиш, ёки даволатиш деган дилемма қаршисида қолаяпман, - дея ҳикоя қилади у. – Бизга ажратилган нафақа фақат баъзан-баъзан массаж олиб туриш учун етади, холос”.

Бошқа хаста болаларнинг оналари бу муаммони турли йўллар билан ҳал қилишга уринмоқдалар. Ўз болаларини Тошкент шаҳри чеккасида жойлашган “Мурувват” болалар уйига топшириб, шу тариқа ўз дардини давлат елкасига ортганлар ҳам кам эмас.

“Касал боланинг машмашасига чидолмаган оналар юзлаб топилади, - дейди болалар уйи шифокори. – Аёллар ўз фарзандини яхши кўришларига қарамасдан, жамият ва эрининг ота-онаси гап-сўзидан чўчигани учун уларни болалар уйларига ташлаб кетаяптилар”.

Тошкентдаги рўйхатга олинмаган “Ҳимоясизлар учун меҳр-шафқат” хайрия ташкилоти васийси Екатерина Подольская фалажланган болалар доимий кураш шароитида яшаётганини айтади. Мамлакатда уларни жамиятга интеграция қилиш бўйича давлат дастурлари йўқ, уларни ўқитиш техникаси мавжуд эмас.

“Бизда церебрал фалажликдан азоб чекаётган 25 минг бола бор, уларнинг тақдири фақат ота-оналарига боғлиқ, давлат эса улардан юз ўгирган, - дея қайд этади Подольская. – Бунақа болаларни қўллаб-қувватлаш учун мустақил хайрия жамғармалари лозим”.

Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидан бўлган шифокор БЦФли (болалар церебрал фалажи) болаларнинг келажаги ота-оналарнинг ногирон фарзандларидан “уялиши” ва масъулиятсизлиги туфайли ноаниқ бўлиб қолаётганини айтди.

“Жамиятда соғлом бола тимсоли кўз-кўз қилинади, касал болалар эса, айниқса қишлоқларда, Оллоҳнинг жазоси сифатида қабул қилинади, - дейди у. – Ота-оналар бунақа болаларни ажратиб қўйишади, шунинг учун ҳам улар етарлича парвариш топмайди”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.


 

Health
Frontline Updates
Support local journalists