Ўзбекистон: бош вазир илк бор парламентда ҳисобот берди

Ўзбекистон: бош вазир илк бор парламентда ҳисобот берди

Парламент Узбекистана. (Фото: NBCA)
Парламент Узбекистана. (Фото: NBCA)

Ижроия ҳокимиятининг ҳисобот бериши каби бошқа мамлакатлар учун одатий бўлган амалиёт кўпам эътибор жалб қиладиган ҳодиса эмас, бироқ Ўзбекистон шароитида, ҳатто бунинг саҳналаштирилганига қарамай, экспертлар уни оз бўлса-да олға силжиш, деб баҳоламоқдалар.

Июль ойи ўрталарида Олий Мажлиснинг (парламент) ҳар иккала палатаси қўшма мажлисида Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳукуматнинг биринчи ярим йилликдаги иши ҳақидаги ҳисобот билан чиқиш қилди.

Ҳисобот “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” давлат дастурининг амалга оширилиш натижаларига бағишланган бўлиб, унда ҳаддан зиёд кўп рақам келтирилган. Мирзиёев келтирган маълумотларга кўра, ўтган 6 ой мобайнида Ўзбекистонда қарийб 30 минг корхона рўйхатга олинган, иқтисодиётнинг реал секторини ташкил қилувчи корхоналарга кредит бериш ҳажми эса 38 фоизга ошган.

Ҳисоботни тинглаган депутатлар уни “ишонарсиз” дея атадилар, чунки уларнинг мулоҳазасича, ҳукумат иши ҳали-ҳамон “талабга жавоб бермайди”, давлат дастури эса “жиддий кечикиш” билан амалга оширилмоқда. Ҳукуматга хатоларни тузатишга киришиш, парламентга эса унинг топшириқлари амалга оширилишини мониторинг қилиш билан шуғулланиш тавсия қилинди.

Бош вазир лавозимини деярли тўққиз йилдан буён эгаллаб келаётган Шавкат Мирзиёевнинг бу ҳисоботи мустақил Ўзбекистон тарихида ҳукумат раҳбарининг дастлабки ҳисоботи бўлди. Одатда ҳукумат салоҳиятига дохил барча масалаларни президент Ислом Каримовнинг ўзи шахсан ҳал қилади.

Лекин Каримов ҳокимият бутоқларини бир-биридан ажратиш бўйича кўриниш ҳосил қилиш учун баъзан бош вазирга ўз вазифасини бажара олмаган ҳокимни ишдан олиш ёки фаолларга янги маҳаллий раҳбарни таништириш каби кадрлар масаласини ҳал этишни топшириб туради.

Мамлакатни 20 йилдан буён муттасил бошқариб келаётган президент Ислом Каримов 2010 йилнинг ноябрь ойида бош вазирнинг депутатлар олдида ҳар йили ҳисобот бериши тўғрисидаги ғояни эълон қилиб, буни давлат бошқарувида демократик институтларни “мустаҳкамлаш” қадами, деб атади.

Конституциявий тузатишлар ўтган йил баҳорида қонунийлаштирилганди. Улар орасида амалдаги давлат раҳбарининг соғлиғи ёмонлашган ёки бошқа сабаблар туфайли ўз вазифаларини бажаролмай қолган тақдирда, президентлик ҳокимиятини топшириш тартибига ўзгартиш киритиш, парламент ваколатларини кучайтириш, сайловда ғолиб келган сиёсий партияга бош вазир лавозимига ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқини бериш, ҳукумат раҳбарига ишончсизлик вотумини билдириш механизмини киритиш кабилар бор.

Ушбу мақола учун сўралган депутатларнинг айримлари бош вазирнинг ҳисоботи улар учун янгилик бўлганини ҳамда улар парламент амалиётида илк бор ҳукумат ишига чинакамига назар солиш имкониятига эга бўлганларини билдирдилар.

“Парламентда баҳс-мунозарага ўхшаш бир нарса бўлди, - дея ўртоқлашди ўз таассуротлари билан депутатлардан бири. – Масалан, Халқ-демократик партияси фракцияси ҳатто Мирзиёевнинг ҳисоботи унча ишонарли эмаслигини ва унда келтирилган рақамлар ноаниқлигини қайд этиб, уни танқид ҳам қилди. Бу биз учун янгилик бўлди”.

Олий Мажлис Сенати (Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси) қонунчилик ва суд-ҳуқуқий масалалари бўйича қўмитасининг раиси Светлана Ортиқова бош вазирнинг депутатлар олдидаги ҳисоботини “тарихий ҳодиса”, дея атади. У парламент йиғилишида ҳукумат раҳбарига аҳоли бандлиги статистикаси бўйича қалтис савол беришга журъат қилган ҳамкасбининг фикрини келтириб ўтди.

“[Мирзиёевга] кескин саволлар беришди ва у бу саволларга жавоб берди, - дейди Ортиқова. – Ахир бу демократия эмасми?”.

Тошкентлик мустақил сиёсатшунос Фарҳод Толипов фикрича, ижроия ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ҳокимият олдида ҳисобот топшириш жараёни, гарчи Ўзбекистонда амалдаги сиёсий жараёнлар ҳозирча инерт ҳолатда қолаётган бўлса-да, келажакда демократик ўзгаришлар содир бўлиши мумкинлигига умид уйғотади.

“Депутатларнинг бош вазирга нисбатан танқидий муносабатда бўлиши мумкинлиги юзасидан илк ҳаракат амалга оширилди, - дейди сиёсатшунос. - Президентнинг воситачи сифатидаги иштирокисиз парламент ва вазирлар маҳкамаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш механизми йўлга қўйилмоқда”.

Бироқ тошкентлик сиёсий таҳлилчи Баҳодир Сафоев депутатлар томонидан танқид қилинган бош вазир ҳисоботи яқин келажакда ҳукумат раҳбарининг истеъфога кетиши учун сабаб ўлароқ хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

Аввалроқ Ўзбекистондаги расмий доиралар ва мустақил матбуотда бош вазирнинг президентга ёқмаётган амбициялари ҳақида ҳамда ҳукумат раҳбарининг ҳисобот топшириши ва унга ишончсизлик билдириш тўғрисидаги янги қонунчилик меъёрлари Шавкат Мирзиёевни 73 ёшли Каримовга ворис бўлиш имконидан маҳрум қилиш учун киритилгани хусусида тахминлар кўп айланди.

“Агар депутатлар Мирзиёевни танқид қилишга журъат эта олган бўлсалар, бу кўпроқ унинг обрўси тушиб кетганидан далолат беради, - дея тахмин қилади Сафоев. - Балки шу йўл орқали бош вазир карьерасига чек қўйилар”.

Бироқ Францияда истиқомат қиладиган ўзбек сиёсатшуноси Камолиддин Раббимов бу фикрга нисбатан эътироз билдиради. Унинг фикрича, сиёсий майдонда икки мақсадни кўзлаган янги фитна амалга оширилмоқда, холос.

Биринчидан, бу халқаро ҳамжамият кўзи олдида мамлакат обрў-эътиборини кўтариш учун парламентнинг баҳс майдончаси ўлароқ тимсолини яратиш бўйича президент Каримов раҳбарлигидаги декларатив уринишдир. Иккинчидан эса, аксинча, амалдаги бош вазир масъулиятини ошириш баробарида унинг позицияси кучайтирилмоқда.

“Ҳисобот бериш орқали Мирзиёев ўзини обрўли сиёсий ўйинчи ўлароқ ҳис қилаётганини ва унинг лавозимдан кетиши тўғрисидаги ҳар қандай миш-мишлар асоссиз эканини кўрсатиб қўйди, - дея таъкидлайди Раббимов. – Бош вазир атрофидагилар ва унинг ўзи келажакда бундан-да дадилроқ ҳаракатларни амалга ошириш учун сиёсий очко йиғаяпти”.

“Шу кунгача Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга интилишини бирор-бир шаклда очиқчасига кўрсатмаган ва у Каримовнинг содиқ хизматкоридир”, дея қўшимча қилади АҚШда яшаётган ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи Тошпўлат Йўлдошев.

“Аммо бу бош вазирда умуман сиёсий амбиция йўқ, дегани эмас, шунинг учун ҳам Каримов Мирзиёев ўз ўрнини билиб юриши учун унга парламент орқали босим ўтказаяпти”.

Табиийки, депутатлар танқиди аввалдан Оқсаройда (президент саройида) тайёрланган, дея хулосалайди сиёсатшунос.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
 

Frontline Updates
Support local journalists