Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистоннинг Афғонистондан қўшинлар олиб чиқилганидан кейинги истиқболи

By News Briefing Central Asia
  • Брюс Панниер, RFE/RLнинг Марказий Осиё бўйича эксперти. (Суратда: Б. Панниер)
    Брюс Панниер, RFE/RLнинг Марказий Осиё бўйича эксперти. (Суратда: Б. Панниер)

Афғонистон ҳудудидан коалиция қўшинларини олиб чиқиш бўйича 2012 йил ёзига режаланган тадбирлар арафасида шарҳловчилар Марказий Осиёдаги геосиёсий вазиятни таҳлил қилиб, бу бўйича ўз прогнозларини билдирмоқдалар.

RFE/RL (Озод Европа/Озодлик радиоси) учун Марказий Осиё минтақасидаги воқеаларни ёритиб келаётган америкалик таниқли таҳлилчи Брюс Панниер NBCA берган интервьюсида бундай вазиятда Ўзбекистоннинг ўзгараётган роли, ташқи сиёсий ўйинчилар, хавф-хатарлар ва расмийларнинг эҳтимолий хатти-ҳаракатлари ҳақида сўзлади.

NBCA: Аксилтеррорчилик коалицияси қўшинларнинг олиб чиқилиши қабатида Ўзбекистон роли қанчалик ўзгаради?

Брюс Панниер: Бир томондан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий саҳнадаги роли кучаяди, чунки Ғарб бу мамлакат билан ҳамкорлик қилишга кўпроқ эътибор қарата бошлайди. Чунки келажакда ҳозирги пайтга кўра анча қийинроқ бўлади.

Коалиция қўшинлари олиб чиқилиши билан бир пайтда Ғарб Марказий Осиёдаги муҳим стратегик ва транзит халқаси бўлган Ўзбекистон билан дипломатик, сиёсий ва иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлайди.

Вашингтон ва Исломобод ўртасидаги сиёсий алоқалар совуқлашгани муносабати билан аксилтеррорчилик коалициясининг Афғонистонга олиб борувчи янги транзит йўлига эҳтиёжи бор, шу нуқтаи назардан Ўзбекистон АҚШ ва НАТО учун бир неча омиллар бўйича афзалликларга эга. Мамлакат Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган, Афғонистон билан қуруқликда чегарага эга, шу муносабат билан ҳарбий юклар ва ҳарбий таъминотни Ўзбекистон орқали амалга ошириш Покистон ёки Қирғизистон орқали юк ташишдан кўра бир неча баробар арзон тушади.

Ҳозирда АҚШ Ўзбекистон билан яқинлашиш сиёсатини юрита бошлади. Масалан, АҚШ Конгресси 2011 йилнинг сентябрь ойи ўртасида Ўзбекистонга ёрдам дастуридан таъқиқни олиб ташлаш ҳақидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади. Бу таъқиқ мамлакат инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига риоя қилмагани учун 2004 йилда жорий қилинганди.

NBCA: Қўшинларнинг олиб чиқилиши Ўзбекистон учун қандай хавф-хатар туғдириши мумкин, расмийлар қандай чоралар кўришлари мумкин?

Панниер: Чегарани [ўзбек-афғон чегарасини] муҳофаза қилишнинг оғир юки жанггариларнинг ўз ҳудудига ёриб кириши эҳтимолидан доим хавотирда бўлган Тошкентнинг елкасига тушади.

Шунга ўхшаш вазият ўтган асрнинг 90-йиллари охирида кузатилганди, ўшанда толиблар Ўзбекистон чегараларига яқинлашган ва ўша пайтда аввал ҳеч ким эшитмаган Ўзбекистон Исломий ҳаракати (ЎИҲ) жанггарилари пайдо бўлганди.

Мен ҳозирданоқ Тошкентда коалиция қўшинлари олиб чиқилгунига қадар ЎИҲ имкониятларни чеклаб қўйиш ёки уни тўлалигича йўқ қилиш ҳақида қаттиқ бош қотираётганларига аминман.

Айни пайтда расмий Тошкент Афғонистон ҳудудида жанггарилар ва Ўзбекистон чегаралари ўртасида буфер ҳудуди бўлиши мумкин бўлган янги иттифоқчиларни қидиради. Бунда ишончли шахс роли Мозори Шариф шаҳрини норасмий равишда назорат қилаётган дала қўмондони, генерал Абдул Рашид Дўстумга юклатиладиганга ўхшайди. Уни расмий Тошкент ҳар доим ўз иттифоқчиси деб ҳисоблаган. Коалиция қўшинлари олиб чиқилгач, бу иттифоқ янада мустаҳкамланади.

Тахмин қилиш мумкинки, Толибон ва ЎИҲ жанггариларининг дастлабки ҳужумлари айнан Абдул Рашид Дўстум кучларига қаратилади ва бу ҳужум Тошкент учун Ўзбекистон билан чегарада ҳам яқин орада жанг ҳаракатлари бошланишига ўзига хос сигнал бўлиб хизмат қилади.

Яна бир муҳим жиҳат – Толибон ҳаракати Тошкентни [2001 йил сентябригача] тўққиз марта Афғонистон ҳудудида ўз кучларига ҳужум қилганликда айблаганди.

NBCA: Бу ҳодиса муносабати билан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ҳамкорларидан қандай фаолликни кутиш мумкин?

Панниер: Россия Ўзбекистонга қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника етказиб беришни кучайтиради. Ҳозирги пайтда Кремль Тошкентни қурол-аслаҳа билан таъминлаётган ягона давлат бўлиб ҳисобланади.

АҚШ ва Хитой ёрдами, афтидан, чегарани мониторинг қилиш учун замонавий жиҳозлар етказиб беришда акс этади. Бундан ташқари, АҚШ Россия қуролларини сотиб олиш учун Тошкентга молиявий ёрдам бериши мумкин. Европа иттифоқининг қўллови консультатив характерга эга бўлади. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ўз қўшнилари билан алоқаси таранглигини ҳисобга олган ҳолда, қўшниларнинг бундай вазиятда қандай йўл тутишлари мумкинлигини тахмин қилиш қийин.

NBCA: Бундай воқеалар қабатида президент Ислом Каримовдан ички сиёсат жабҳасида қандай қадамларни кутиш мумкин?

Панниер: Каримов ўзи учун оддий фуқаронинг иқтисодий турмушини яхшилаш ўта муҳимлигини тушунади. Шунинг учун ҳам у халққа нимадир беради, эҳтимол ижтимоий бўҳрон ва норозиликни юмшатиш учун ижтимоий таъминот сиёсатини кучайтирар, чунки у одамларнинг ишончи ва қўлловига муҳтож бўлади.

Ўзбекистон лидерининг иккинчи қадами давлат рўйхатидан ўтган масжидлар ва жамиятда обрў-эътиборга эга ҳукуматга яқин диний арбоблар орқали динни қўллаб-қувватлаш бўлади.

Айни пайтда эркин фикрловчи диндорлар ва ноқонуний диний гуруҳларга қарши қатағонлар мамлакатни “ички душманлар”дан тозалаш баҳонасида кучайтирилади. Расмийлар ЎИҲ Ўзбекистон ичида қўллов тополмаслигига амин бўлмоқчилар ва коалиция қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилиши арафасида мамлакатни “тозалаб олиш”ни истайдилар.

Бундан ташқари, расмийлар ўзгараётган вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринадилар. Тошкент халқаро террорчиликка қарши курашнинг фронт чизиғида экани ҳақида бор овози билан қичқира бошлайди ва ўзига зарур бўлган ёрдамга эришмагунига қадар бу ишни қайта-қайта такрорлайди.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.