Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари таслим бўлмоқчи эмаслар

By News Briefing Central Asia
, муҳожирликдаги ўзбек мухолифатчилари, андижонлик қочоқлар ва ҳуқуқ ҳимоячилар халқаро ҳамжамиятдан Ўзбекистон расмийларига босим ўтказишни давом этишларини бундан кейин ҳам талаб қиладилар.



Октябрь ойининг охирида Люксмбургдаги Европа Иттифоқи биноси олдида ўзбек диссидентларининг норозилик акцияси бўлиб ўтди. Намойиш иштирокчилари европалик вазирларни Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоя атрофида юзага келган вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётганига эътибор қаратишга чақирдилар.



Пикет иштирокчилари қўлларида Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларга ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига эътибор беришга чақирувчи плакатларни кўтариб олган эдилар.



“Турмаларда кўплаб одамлар сохталаштирилган айбловлар бўйича ўтирибдилар. Уларнинг орасида Андижон фожеасидан кейин озодликдан маҳрум этилганлар бор, - деди Нуруллоҳ Мақсудов, андижондаги қочоқларнинг “13 май иттифоқи” ташкилотининг раҳбари. – Биз бундан кейин ҳам шунга ўхшаш акцияларни ўтказамиз ва мустақил тергов комиссияси Ўзбекистонга бориб, хусусан турмаларда ҳам текширув ўтказишини талаб қиламиз”.



Россиянинг “Мемориал” ҳуқуқ ҳимоя маркази берган баҳога кўра, Ўзбекистон турмаларида турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган ўн олти нафар сиёсий маҳбус жазони ўтамоқда. Тошкентда жойлашган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи эса “уч юзга яқин” ўзгача фикрловчилар маҳбусликда ўтирибди, дея ҳисобламоқда.



Люксембургдаги пикет Европа Иттифоқининг йигирма етти давлатлари ташқи ишлар вазирларининг 2009 йил 27 октябрь куни бўладиган навбатдаги мажлисига бағишлаб ўтказилди. Ушбу мажлисда Ўзбекистонга қурол-аслаҳа етказиб беришга эмбаргони бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.



Эмбарго мамлакатнинг шарқий қисмида жойлашган Андижон шаҳридаги 2005 йил қонли воқеалари учун Европа иттифоқи тарафидан Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан киритилган санкцияларининг охиргиси эди. Ўшанда ҳукумат қўшинлари тинч намойиш иштирокчиларини ўққа тутган ва натижада юзлаб одамлар ҳалок бўлган ва минглаб кишилар яраланган эдилар.



Европа иттифоқи санкциялари 2005 йил ноябрь ойида, Ислом Каримов ҳукумати қонли фожеани текшириш учун мустақил текширув ўтказишга ижозат беришдан бош тортганидан сўнг киритилган эди.



Санкцияларнинг бекор қилиниши бир неча ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг сохталаштирилган айбловлар бўйича озодликдан маҳрум этилган ёки қўшимча жазо муддати олган бир пайтда содир бўлганига қарамай, фуқаролик жамияти фаоллари таслим бўлмоқчи эмасликларини ва адолат учун бор кучлари билан курашмоқчи эканликларини айтмоқдалар



Эҳтимол, бу фаолроқ ҳаракат қилиш учун туртки бўлиб қолади ҳам, дея тахмин қиладилар шарҳловчилар.



“Ҳозир [санкциялар бекор қилинганидан сўнг] биз ўз ишимизни янада кучайтирамиз ва халқаро ташкилотларга инсон ҳуқуқларининг ҳар бир бузилиши ҳақида мунтазам равишда хабар бериб борамиз, - дейди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг етакчиси Сурат Икрамов. – Агар бизнинг фаолиятимиз кучайса, Ғарб Ўзбекистон расмийларига нисбатан қандайдир чоралар кўришга мажбур бўлади. Майли, бу чоралар санкция бўлмасин, аммо ҳукуматга босим ўтказишнинг бошқа услублари ҳам топилиши мумкин”.



Берлинда истиқомат қилувчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Германия-Ўзбекистон форумининг етакчиси Умида Ниёзованиг қайд этишича, фуқаролик жамияти фаоллари халқаро ташкилотлар вакиллари билан ўтадиган суҳбатларида ҳуқуқ ҳимоясига оид масалаларни кўтариш учун “энг кичик имкониятлардан” ҳам фойдаланишга уринадилар.