Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг нозик ҳади

Ҳуқуқ фаоллари бошқаларга ёрдам бериб, ўз хавфсизликларини хавф остига қўймоқдалар.
By IWPR Central Asia

“Одамлар нега ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қиладилар? – дея ўртага савол ташлайди Владимир Хусаинов. – Чунки улар махсус ваколатларга эга бўлмасалар-да, ҳеч бўлмаганда одамларга бирор бир ёрдам кўрсатишлари мумкин”.

Хусаинов – оғир вазиятга тушиб қолган инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган Ўзбекистондаги оз сонли жасоратли ҳуқуқ фаолларидан биридир.

Ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқда қийноқ қўллаш каби одатдаги бўлиб қолган ҳолатлардан тортиб, то пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш каби ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ўрганадилар.

Баъзан улар ижтимоий нафақасини ололмаётган инсонларга ёрдам берадилар ёки маҳбуслар ва уларнинг қариндошларига хат ёзишда кўмаклашадилар.

Мамлакатда рўйхатдан ўтмаган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянсига аксар ҳолларда бошқа имкониятлардан батамом фойдаланиб кўрган инсонлар мурожаат қилади.

“Кўпинча, биз – ҳуқуқсиз кишилар учун улар маҳкам ушлаб олиши мумкин бўлган сўнгги бир дона похолпоя ролини ўтаймиз”, - дейди Тошкентдаги Альянс раҳбари Елена Урлаева.

“Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари – бу салпал партизан ҳам дегани, масалан, уларнинг пахта далаларидаги мажбурий меҳнатни ҳужжатлаштириш жараёнида фотоаппарат билан беркинишга мажбур бўлиш ҳолатларини келтириш мумкин, - дейди у. – Баъзан биз – расмийлар ўзбошимчалигининг қурбони бўламиз, бизни дўппослашади, ҳибсга олишади, судлашади, қамоққа ташлашади”.

Ўзбекистонда ўнга яқин инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари, жумладан, Инсон ҳуқуқлари альянси, Инсон ҳуқуқлари жамияти, “Эзгулик”, “Нажот” кабилар фаолият юритади.

Ушбу гуруҳларнинг аксарига мамлакатда расмий рўйхатдан ўтишга рад жавоби берилган, яъни уларда расмий мақом ёки эътироф йўқ, уларнинг аъзолари Ўзбекистоннинг қудратли ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг доимий сиқуви ва ҳибсга олишларига дучор бўладилар.

Мамлакат ғарбининг Бухоро шаҳридаги ҳуқуқий-гуманитар маркази раҳбари Шуҳрат Ғаниев ташкилотини расмий рўйхатдан ўтказиш ҳаракатларидан воз кечган.

“Ҳар сафар Низомда ноаниқликлар топа бошлашди, баъзан менга жараёнга амал қилиш муддатига риоя қилмаганимни айтишар, баъзан эса яна қандайдир баҳоналар топишарди, - дейди у. – Аммо рад жавобининг асосий сабаби, бу гўёки минтақада фаолият юритувчи нодавлат ташкилотларининг етарлича эканлигидир”.

Шунингдек, ҳуқуқ фаолларига ўз ҳамкасбларининг ҳуқуқлари учун ҳам курашишларига тўғри келади – бугунги кунда 30га яқин ва ундан ҳам кўпроқ ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистлар ва бошқалар ўзбек қамоқхоналарида сақланмоқда.

Гарчи жиноятчилар вақти-вақти билан эълон қилиниб туриладиган амнистияга кўра муддатидан олдин озодликка чиқарилсалар-да, “Эзгулик” раҳбари Васила Иноятовага кўра, “ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан амнистия акти қўлланилмайди, аксинча – уларга сохта айбловлар билан яна қўшимча жазо муддатлари қўшиб берилади”.