Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистонлик фаоллар Андижон фожеасининг тўрт йиллигини хотираладилар

By News Briefing Central Asia
, мамлакат ичидаги ва чет элдаги фуқаролик жамияти фаоллари тўрт йил аввал содир бўлган қонли фожеаларни дунёга яна бир бор эслатдилар.



Ўзбекистондаги бир гуруҳ мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари 13 май куни Тошкент шаҳридаги Жасорат Монументи қошида Андижон фожеасининг тўрт йиллиги муносабати билан хотира акциясини ўтказишни ҳамда ёдгорлик пойига гул қўйишни ният қилган эдилар.



Аммо режалаштирилган тадбир амалга ошмади, негаки бир кун аввал кечқурун баъзи фаолларнинг уйлари махсус хизмат ходимлари томонидан қуршаб олинди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг яна бир қисми эса акцияга чиқишдан аввал эрталаб қўлга олинди.



Тошкентда жойлашган Виждон маҳбуслари қўмитасининг вакили Баҳодир Номозовнинг айтиб беришича, эрталаб уйидан чиқаётган пайтда унинг олдига икки киши келиб таҳдид қилганлар:



“Агар уйингизни тарк этсангиз, сизни ҳибсга оламиз. Кейин милиция бўлимига олиб бориб қўямиз. Бўлажак тадбирнинг ташкилотчиларидан бири эканлигингиз бизга маълум”.



Хотира акцияси 2005 йил 13 май кунги фожеанинг тўрт йиллигига бағишланган эди. Ўшанда ҳукумат қўшинлари Фарғона водийсининг шарқий қисмида жойлашган Андижон шаҳридаги тинч намойишни ўққа тутган эди.



Оқибатда юзлаб одамлар ҳалок бўлдилар ва ундан ҳам кўпроқ одамлар яраландилар. Бунинг ортидан расмийлар ўзларининг фикрича, намойишга алоқадор бўлган кўплаб ўзбекистонликларнинг ҳаммасини ҳибсга олдилар.



Халқаро жамиятнинг расмийларга адолатли текширув ўтказиш тўғрисидаги талаби ҳозиргача эътиборсиз қолмоқда, аммо ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти фаоллари фожеа ҳақида дунёга ҳар йили эслатишга уринмоқдалар.



Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” Ассоциацияси Андижон воқеаларининг тўрт йиллигига бағишлаб “Андижон оналари” видеофильмининг тақдимотини уюштирди. Фильм тақдимоти Парижда Европа ва Шарқ Уйида бўлиб ўтди.



Кинолентада иккита онанинг ўз ўғиллари ҳақидаги ҳикоялари тасвирланган. Улардан бири, ўспирин йигит 2005 йил Андижон воқеалари давомида отиб ўлдирилган. Бошқаси эса яраланиб қамалган ва ҳозиргача турмада ўтирибди. Бу аёллар қўрқмай, адолат ҳақ топармикан деган умидда камерага қараб бошларидан кечирган қайғулари ҳақида сўзлаб беришга қарор қилдилар.



“Ўша кунлари биз ўз кўзимиз билан қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг ҳалок бўлганини кўрдик... Наҳотки ҳақиқатни эшитадиган жой дунёда бор бўлса? Наҳотки шунча одам адолатга хилоф тарзда қамоқда ўтирса?” – дейди ёши бир жойга бориб қолган ҳамда фильмда интервью беришга рози бўлган аёл.



Ушбу видеофильм ижодкорларидан бирига кўра, шундай киноленталар ёрдамида шу кунгача тафсилот ва сабаблари текширилмаган фожеа ҳақида унутилмайди ҳамда Ғарб мамлакатларидаги томошабинларда маълум бир “фикр ва таъсир” уйғотиш мумкин. Бу эса муаммога эътиборни жалб этиш учун жуда ҳам катта аҳамият касб этади.



Андижон воқеалари вақт сайин биздан узоқлашаётганига қарамай, мамлакатда бу ҳақда ёзишга ёки гапиришга журъат этган одамларни таъқиб этиш давом этмоқда. Аммо ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ўз ҳаракатларида тўхтамоқчи эмаслар ва Андижон қатлиомининг адолатли равишда текширилишини талаб этишда давом этмоқчилар.



“Айбдорлик ҳисси кўпчилик ҳамкасбларимни ва юртдошларимни эзиб келмоқда, - дейди ҳаяжон билан Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” Ассоциациясининг президенти Надежда Атаева. – Оммавий қонли қатлиомнинг буюртмачилари ва ижрочилари жазосиз қолмаслиги керак”.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)