Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистонда журналист Сергей Наумов озод қилинди

Уни журналист исм-шарифи қайдга олинмагани айтилган вақтинчалик сақлаш изоляторидан чиқариб юборишди.
By Inga Sikorskaya
  • Сергей Наумов (IWPR фотосурати)
    Сергей Наумов (IWPR фотосурати)

21 сентябрь куни Ўзбекистон шимолий-ғарбида ҳибсга олинган мустақил журналист Сергей Наумов 12 кунлик жазо муддати тугагач, озод қилинди.

Наумов 21 сентябрь куни ҳибсга олиниб, ўша оқшомдаёқ кўчада аёл кишига қўполлик қилганига оид айблов билан Урганч шаҳар суди қаршисига чиқарилди. У ўзига қўйилган айбловларни ўша пайтдаёқ рад этган. Суд чоғида унга адвокат берилмаган. (“Ўзбекистонда журналист ташқи дунёдан узиб қўйилган” дея номланган мақолага қаранг.)

Наумов судда пайдо бўлганидан кейин тизимдан қарийб ғойиб бўлди, чунки Урганч шаҳар ва Хоразм вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари IWPR ва бошқаларга, шу жумладан, журналистни ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокатга ҳам унинг ҳибсга олинган кишилар рўйхатида йўқлигини маълум қилишган.

Бу иддаоларга қарамай, Наумовни белгиланган жазони ўтаб бўлганидан сўнг, Урганч вақтинчалик сақлаш изоляторидан озод қилишди.

Изоляторни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги таркибига кирувчи ҳуқуқ-тартибот идоралари назорат қилишади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳалигача Наумовга паспортини қайтариб беришгани йўқ, ваҳоланки, бундай вазиятда паспорт эгасига қайтарилиши лозим.

Наумов экология масалалари ва инсон ҳуқуқларининг бузилишини, хусусан, Ўзбекистонда жуда кам ёритиладиган Хоразм вилояти пахта саноатида мажбурий меҳнатдан фойдаланилиши масаласини ҳам ёритиб келган.

“Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унга бир неча бор таҳдид қилишган, - деган эди ўтган ҳафтада IWPRга берган интервьюсида “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева. – Бундай таҳдидларни ўзини танитмаган кишилар ҳам телефон ва Интернет орқали такрорлашган”.

Инга Сикорская – IWPRнинг Бишкекдаги катта муҳаррири.