Ўзбекистондаги хонавайрон қилувчи фермерлик

Ўзбекистондаги хонавайрон қилувчи фермерлик

Деҳқонлар фикрича, Ўзбекистонда фермерларга ёрдам кўрсатишга қаратилган янгиликлар фақат қоғозда қолиб кетаяпти, уларнинг касби эса кундан-кунга жозибасини йўқотиб бормоқда.

26 июнь куни Ўзбекистондаги “Норма” интернет-нашри пахта толасининг ички ва экспорт нархлари ўртасидаги 50 фоизлик фарқ фермерлик хўжаликларининг қарзларини тўлаш учун йўналтирилиши тўғрисидаги қонун кучга қиргани ҳақида хабар қилди. Аввал улар оладиган фарқ 25 фоиздан ошмаган.

Кўпчилик фермерлар гўё уларга имтиёзлар берилиши кўзда тутилган қонун лойиҳаси ҳозирланаётгани ҳақида эшитган эканлар. Бироқ улар қонун амалда қўлланишига шубҳа қилмоқдалар ва ўзларининг молиявий аҳволи ўнгланиб, меҳнати енгиллашиши борасида хомтама бўлаётганлари йўқ.

“Расмийлар ҳар йили гўё бизга ёрдам берадиган қонунларни ўйлаб топадилар, фақат буларнинг ҳаммаси қоғозда қолиб кетаяпти. Агар авваллари фермерлик обрўли ва фойдали иш бўлган бўлса, ҳозир бу юмуш билан шуғулланиш хавфли бўлиб қолган”, - деди фермерлардан бири.

2004 йилдан эътиборан Ўзбекистонда ерни ижарага олиб фойдаланиш тартиби жорий қилинган, ер участкалари фермерлик хўжаликларига 30 йилдан 50 йилгача узоқ муддатга ижарага берилади. Ерларнинг катта қисмида пахта етиштирилади.

Ўзбекистон фермерлари жуда қийин шароитда меҳнат қиладилар, улар давлат белгилаб берган шартнома шартлари сабабли иқтисодий зарар кўриб келаяптилар. Давлатга зарур миқдорда пахта топшира олмаётганлари эса бугунги кунда фермерларнинг асосий муаммоси бўлиб қолмоқда.

Ҳар йили пахта кампанияси чоғида ҳар бир ўзбек фермери давлатга бир гектар ердан камида икки ярим минг тонна пахта хом ашёси топширишга мажбур.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Саида Қурбонованинг сўзларига кўра, “шартномаларнинг адолатсиз шартлари фермерларнинг муҳтамал қарздорларга айланиб, маҳаллий расмийларга бутунлай қарам бўлиб қолишига олиб келган. Фермерларнинг аҳволи моҳиятан Чор Россияси давридаги крепостной деҳқонлар ҳаётини эслатади”.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бу шароит билан фермерлар орасида содир бўлаётган юрак хуружи ва ўз жонига қасд қилишлар ўртасида боғлиқлик кўрадилар.

28 апрель куни Ўзбекистон ғарбида жойлашган Самарқанд вилоятининг Пойариқ тумани Нақурт қишлоғида яшаб келган 48 ёшли фермер Комил Қамбаров ўз жонига қасд қилди. У 12 йил давомида “ИИК Хумо” фермерлик хўжалигини бошқариб келган ва ҳар йили давлатга тегишли миқдорда пахтани топширганидан кейин даромадсиз қолаверган.

Ўлимидан бир неча кун аввал бу фермер билан учрашган ҳуқуқ фаоли Қурбонованинг айтишича, у қийинчиликлардан шикоят қилиб, ўзи ва оиласини пировардида ҳеч қандай даромад келтирмайдиган оғир меҳнат билан қийнашдан маъно топмаётганини айтган.

Ўтган йилнинг 12 сентябрь куни Сурхондарё вилоятининг Афғонистон билан чегарадош Музробод туманида яшайдиган 50 ёшли фермер Исмоил Тўраназаров ўзини осиб ўлдирган.

Тўраназаров пахта бўйича режани топшира олмагани учун туман милиция бўлими ҳибсхонасида ўтириб чиққанидан кейин ўз жонига қасд қилган.

Ўлими олдидан ёзган мактубида Тўраназаров маҳаллий расмийлар пахта етиштириш бўйича шартнома шартларига риоя қилмагани ва унинг фермерлик хўжалигини техника ва ёқилғи билан таъминламагани учун режани бажара олмаганини кўрсатган.

Фермерларнинг ўзлари сўнгги икки йил ичида мамлакат қишлоқ хўжалик секторида вазият оғирлашгани боис улар ерларини топшириб, Россияга тирикчилик учун чиқиб кетаётганларини айтмоқдалар.

Аммо буни амалга ошириш ҳам унчалик осон иш эмас. Ҳокимият фермердан ўз ўрнига одам топишни талаб қилаяпти, аммо кўпроқ уни жиноий иш қўзғаш билан қўрқитмоқда

Оммавий мажлисда иштирок этган фермерлардан бири қарздор фермерларга мурожаат қилган ҳокимнинг гапларини баён қилиб берди: “Ҳар бирингизнинг хом ашё етказиб берувчилардан камида 100 миллион сўм [50 минг АҚШ доллари] миқдорида қарзингиз бор. Ерни ташлаб кетишга қарор қилдингизми, марҳамат. Суд ҳеч ким ҳеч қаёққа қочиб кетмаслиги учун ҳибсга олишга санкция беради. Қочиб кетган одамнинг оиласи уй-жойсиз ва мол-мулксиз қолади, бор-буди сотиб юборилади”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

Economy
Frontline Updates
Support local journalists