Ўзбекистондаги мажбурий пахта терими

Пахта далаларида болалар кўринмайди, бироқ ёши каттароқ ўқувчиларни машаққатли кузги пахта теримида иштирок этишга мажбур қилмоқдалар.

Ўзбекистондаги мажбурий пахта терими

Пахта далаларида болалар кўринмайди, бироқ ёши каттароқ ўқувчиларни машаққатли кузги пахта теримида иштирок этишга мажбур қилмоқдалар.

Cotton harvest in Uzbekistan, autumn 2013. (Photo: IWPR)
Cotton harvest in Uzbekistan, autumn 2013. (Photo: IWPR)
Secondary schools, colleges and universities send their students out to the fields. (Photo: IWPR)
Secondary schools, colleges and universities send their students out to the fields. (Photo: IWPR)
The work is hard as picking is done by hand, but refusing to take part is not really an option. (Photo: IWPR)
The work is hard as picking is done by hand, but refusing to take part is not really an option. (Photo: IWPR)

Ўзбекистонда пахта терими кампанияси сентябрь ойи ўртасида бошланган ва мамлакатнинг ҳар ерида одамларни пахта теришга мажбур қилмоқдалар.

Ўтган йили ҳукумат болалар меҳнатидан фойдаланмаслик учун барча чоралар кўрилганини билдирганди.

Бу пахта теримида саккиз ёшли болалар меҳнатидан фойдаланилгани туфайли Ғарбдаги асосий кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхоналар ва чакана савдо билан шуғулланувчи ширкатлар томонидан 2007 йилдан буён эълон қилиб келинаётган бойкотга жавоб қадами бўлди.

Маҳаллий шарҳловчилар кичик ёшдаги болалар пахта теримига олиб чиқилмаётганини, бироқ расмийлар ҳали ҳам университет ва коллеж талабалари ҳамда бюджет ташкилоти ходимлари билан бир қаторда 15-18 ёшдаги катта синф ўқувчилари пахта теришга мажбурлаётганини айтмоқдалар.
Ўзбекистондаги пахта терими, 2013 йил сентябри.

(Инглиз ёки рус тилидаги субтитрларни ёқиш учун плеернинг пастки қисмида жойлашган “субтитры” белгисини босинг.)

Ўқув йили 1 сентябрь куни бошланди ва ой ўртасига келиб барча синфлар пахта даласига жўнатилгани учун ўрта мактаблар, коллежлар, лицейлар ва олий ўқув юртларида машғулотлар тўхтади.

Тошкент вилоятининг Бўка туманида пахта терими чоғида интервью берган 16 ёшли ўқувчи пахта териш кампаниясида иштирок этаётганлар учун яратилган шароитлар ёмон эканини баён қилди.

“Қарийб ҳаммамиз тўшак тўшалган ерда ухлаймиз. Кўпчиликда раскладушка ёки каравот йўқ. Биз яшаётган бино абгор аҳволда. Йўлакнинг поли тушиб кетган, деворлар эса исқирт, - дейди у. – Биз саҳар соат бешда ўрнимиздан турамиз ва соат еттида далага чиқиб кетган бўламиз. Ишни кечки соат беш-олтиларда тугатамиз. Далагача икки-уч километр йўл бор, транспорт йўқлиги учун у ёқдан пиёда қайтамиз. Дам олиш куни йўқ”.

У кунлик пахта нормаси 35-40 килограммни ташкил этишини, терилган ҳар килограмм пахта учун берилажак 230 сўм пул озиқ-овқатни қоплаш учун етарли эканини қўшимча қилди. 

“Бу ерда ҳеч ким пул ишлаётгани йўқ, кўпчилигимиз овқат учунгина ишлаяпмиз”, - дейди у.

Озиқ-овқат деганлари картошка, макарон, арпа, карам ва баъзан гўштдан иборат. Нонуштага эса нон билан чой берилади.

“Овқатни тозаланмаган пахта ёғида тайёрлашади, шунинг учун кўпчиликнинг жиғилдони қайнаяпти ёки мазаси қочиб қолаяпти, - дейди мактаб ўқувчиси. – Мен бунақа овқат еёлмайман, шунинг учун ҳам егулигимнинг ҳаммасини маҳаллий дўкондан ўз пулимга сотиб олаяпман”.

Меҳнатга мажбурлашга оид айбловлардан қутулиш учун расмийлар бу йил янгича амалиёт жорий қилдилар. Бу амалиётга мувофиқ, ҳар бир ҳашарчи пахта териш кампаниясида ўз ихтиёри билан иштирок этаётгани ҳақида тилхат ёзиб беришга мажбур қилинмоқда.

17 ёшли лицей талабаси Наргиза пахта теримига кетишдан олдин ўқитувчилар унинг курсдошларини йиғиб, ватанпарварлик ҳақида маъруза ўқиганларини айтади.

“Ҳар бир одамга бир варақдан қоғоз тарқатишиб, пахта теримида ўз ихтиёримиз билан иштирок этаётганимиз ҳақида ёзиб беришимизни сўрашди, - дейди у. – Бизга теримдаги иштирокимиз эътиборга олинишини ва бунинг баҳоларимизга таъсир этишини айтишди. Ўша мажлисда бизга, агар комиссия келиб қолгудек бўлса ва савол бера бошласа, қанақа жавоб беришимиз кераклигини, шароитлар яхшилиги ва бу ерда биз ўз ихтиёримиз билан юрганимизни айтишни тайинлашди”.

Наргиза айтган “комиссиялар” бу Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) назорат гуруҳларидир. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг бошқа шакллари йўқлигини исботлаш учун ҳукумат мазкур гуруҳларга бу йил биринчи марта пахта далаларида мониторинг ўтказишга рухсат берган.
ХМТ бутун мамлакат бўйлаб саккиз гуруҳни ишга солган, бироқ, маҳаллий журналистлар ва ҳуқуқ фаолларининг айтишларича, улар астойдил қўриқланаётган текширувчилар билан учрашиш имконини топа олмаганлар.

“Ҳар бир комиссияда унинг аъзолари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишга йўл қўймаслик учун бириктирилган ўзбекистонлик расмий шахс бор”, - деди тошкентлик ҳуқуқ фаоли.

Бошқа бир фаол ҳукумат ХМТга комиссия аъзолари маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилмаслиги ҳақида шарт қўйганини эшитганини айтди.
“Комиссия аъзолари билан қандай боғланиш мумкинлиги аниқ эмас”, - деди у хорижий давлатлар элчихоналари орқали билвосита уринишлар ҳам иш бермаганини, чунки улар ҳам инспекторлар билан боғлана олмаганларини қўшимча қиларкан.

Тошкентлик Иброҳим 15 ёшли қизи ёзда коллежга ҳужжат топширган пайтда эътироз билдиришдан ихтиёрий равишда воз кечиш тўғрисидаги қоғозни имзолашга мажбур қилишганини айтиб берди.

“Мени қизимнинг пахта теримида иштирок этиши коллежга кириш учун мажбурий шарт бўлиб ҳисобланишига рози эканим ҳақида ариза ёзиб беришга мажбур қилишди, - деди у. – Улар (коллеждаги қабул комиссияси), бланкка қўл қўйиб бермагунимча, ҳужжатларимизни қабул қилишмади. Қўлимдан ҳеч нарса келмади. Шаҳардаги барча коллеж ва лицейлар бир хил шарт қўяяпти”.

Камдан-кам талаба ёки ота-она жойлардаги бундай шароитга эътироз билдиришга журъат қила олади. Тошкент вилоятидаги коллежлардан бирининг ўқитувчиси бу каби намойишкорона бўйсунмаслик талабага келажакда ўқиш пайтида муаммолар яратиши мумкинлигини айтади.

Аммо пахтада иштирок этишдан ҳам, салбий оқибатлардан ҳам халос бўлиш имконияти мавжуд.

“Бизнинг коллежда пахта теришни истамаганлар 500 минг сўмдан (тақрибан 240 АҚШ доллари) пул бериши керак бўлди. Кейинроқ уйга кетмоқчи бўлганлар бу пулнинг ярмини тўлаши лозим бўлди, - деди коллеж ўқитувчиси. – Пахта теримидан қутилиб қолиш турли коллежда турлича бўлиб, 300 минг сўмдан 800 минг сўмгача боради”.

Ўзбекистон пахта ишлаб чиқариш бўйича дунёда олтинчи ўринда туради ва йилига 3,5 миллион тонна пахта етиштиради.

Хусусий ижарачи бўлган фермерлар ўз ерларининг катта қисмидан советча тизим бўйича гектарига 1,5 тоннадан кам бўлмаган пахта етиштириш учун фойдаланишда давом этмоқдалар, акс ҳолда, улар бунинг учун жавоб беришларига тўғри келади. Улар ҳосилни паст баҳода давлат харидчиларига сотишга мажбурлар, давлат эса кейин бу пахтани халқаро бозорга устама нарх қўйиб сотади.

Оила аъзоларини жалб қилиш ҳосилни йиғиб олишда фермерлар муаммосини ҳал қилолмайди, шунинг учун давлат шаҳардан талабалар, ўқувчилар ва бюджет ташкилотлари ходимларини жалб қилган ҳолда, қўшимча ишчи кучини тақдим этади.

Бу меҳнат учун давлат арзимас пул тўлагани, пахтани қўлда териш эса энг яхши чора бўлгани туфайли фермерлар пахта териш комбайнларини сотиб олишдан манфаатдор эмас, уларда бунақа машиналарни сотиб оладиган пул ҳам йўқ.

Сўралганларнинг исмлари хавфсизлик нуқтаи назаридан ошкор қилинмади.

Мазкур мақола Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан молиялаштирилувчи Opening Public Space Through Media лойиҳаси доирасида тайёрланди. 

Uzbekistan
Children
Frontline Updates
Support local journalists