Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистондаги кибер цензура

Интернет устидан назоратнинг кучайтирилиши расмийларнинг ҳақиқат ва муқобил ахборот тарқатаётган эркин оммавий ахборот воситаларидан қўрқишини намоён қилмоқда.
By Inga Sikorskaya

Ўзбекистон виртуал тармоғида блокировка қилинган веб-ресурслар кўпайишда давом этмоқда.

“Чегарасиз мухбирлар” ва Халқаро амнистия ташкилотлари ташаббуси билан 12 март куни нишонланган Киберфазодаги цензурага қарши халқаро кун арафасида маҳаллий цензорлар Ўзбекистондаги воқеаларга мустақил баҳо берувчи қарийб ягона очиқ портал бўлмиш IWPR сайтига киришни чеклаб қўйдилар.

Бунга бир неча сабаб бўлиши мумкин. Асосий саҳифада Ўзбекистоннинг “Ёшлар” телеканалидаги цензурага қарши чиқаётган, қўлларида плакатлар кўтариб олган ўзбек журналистларининг норозилик намойиши акс этмиш фотосурат билан “Марказий Осиёнинг энг ёпиқ бўлган мамлакатларига ўзига хос саёҳат” сарлавҳали мақола эътиборни тортади. “Расмий матбуот бу ҳақда жуда кам ва кемтик ахборот беради, - дейди Тошкентдаги журналистика факультети талабаси, - биз ҳақиқатни интернетдангина ўқиб билишимиз мумкин”.

Иккинчидан, IWPR сайти кўп кунлардан бери Миср, Ливия ва Тунисдаги инқилобий воқеалар ҳақидаги репортажлар ва фотосуратларни бериб ётибди, уларни эса, ўзбек цензорлари фикрича, маҳаллий муштарийлар кўрмаганлари маъқул. Айнан араб инқилоблари экспорти олдидаги қўрқув ўзбек расмийларини февраль ойи бошида ўзбекистонлик интернетдан фойдаланувчиларнинг Facebook, Twitter, Livejournal каби оммабоп ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалари очилишини чеклашга мажбур қилди. (Ўзбекистон: ижтимоий тармоқлар махсус хизматлар нишони остида.)

Афтидан, кибер цензура ҳукуматнинг ўзгача фикрга қарши кураш унсурларидан бири бўлиб ҳисобланади ва ўзбекистонлик интернет нозирлари ҳаққоний ахборотнинг аудиторияга етиб бормаслигини диққат билан кузатиб бормоқдалар.

“Расмийлар тармоқ орқали мамлакатнинг чиркин ички сиёсати ҳақидаги кўплаб махфий фактлар ҳам очилиб кетишидан чўчийдилар”, - дейди Ўзбекистон виждон тутқунлари ассоциацияси раҳбари Баҳодир Намозов.

Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, веб-ресурслар мониторинги ва уларни “қора рўйхат”га киритиш билан Миллий хавфсизлик хизматининг махсус бўлинмаси шуғулланади. Бу бўлим ходимлари ҳар куни Ўзбекистон ҳақида янгиликлар ва таҳлилий материаллар чоп этувчи интернет-ресурсларни кўздан кечирадилар. Шундан сўнг махсус хизматлар кўрсатмаси билан UzPAK миллий интернет провайдери маън қилинган сайтларни фильтрлайди.

Тошкентлик веб-кузатувчи бу бўлинма ходимларига сайтларни блокировка қилиш билан бир қаторда журналистларнинг электрон ёзишмалари ҳамда чатлардаги маълумотларни “кузатиб бориш” топширилганини айтади. Унинг сўзларига кўра, шу йилнинг январь ойида Arbuz.com оммабоп форумининг блокировка қилиниши ва форум фойдаланувчилари гуруҳининг ҳибсга олиниши кибер цензорларнинг муваффақиятли иши натижаси бўлган. Кейинроқ уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий муаммолари, мамлакатда диннинг роли ва Қирғизистон жанубидаги этник зўравонлик ҳақидаги баҳс-мунозараларнинг фаол иштирокчилари бўлгани аниқланди.

Ўзбекистонда таъқиқланган сайтлар сирасига ўнлаб сайтлар киради, улар орасида муштарийларга воқеа-ҳодисалар юзасидан расмий Тошкент қарашидан мустақил бўлган нуқтаи назарни таклиф этувчи BBC, RFE/RL (“Озодлик” радиоси), Voice of America (“Америка овози” радиоси), Eurasianet.org, Ferghana.ru, Uznews, Memo.ru, Ng.ru, Deutsche Welle (“Немис тўлқини” радиоси) ва бошқа бир қатор минтақавий ва ғарб ресурслари бор. Гарчи мамлакатда расмий мафкурани ташвиқ қилувчи 1200 дан зиёд оммавий ахборот воситаси бўлса-да, кенгайиб бораётган виртуал фазо қабатида бу матбуот аудитория учун, айниқса, интернетни маъқул кўрувчи ёшлар учун қизиқарсиз бўлиб бормоқда.

Ҳозирги пайтда Интернетдан Ўзбекистоннинг 28 миллионли аҳолисидан чорак қисми фойдалана олади. Расмий тахминларга кўра, 2011 йилда жаҳон ўргамчак тўридан фойдаланувчилар сони икки баробар ошиши мумкин. Ёшларнинг интернет ҳамжамияти вакиллари муқобил ахборот қидириш учун прокси-серверлар ва маън қилувчи сайтларни ҳеч бўлмаганда қисман ўқиш имконини берувчи замонавий дастурлардан фойдаланган ҳолда турли йўллар билан кибертаъқиқни айланиб ўтишга ҳаракат қилаётганларини айтадилар. “Мурватлар қанча қаттиқ қотирилса, виртуал қаршиликка қизиқиш шунча ортиб бораверади”, - дейди тошкентлик реппер Азиз.

Афтидан, расмийлар Ўзбекистон интернетни шунчаки ўчириб қўйиш билан муаммодан фориғ бўлиш чегарасидан ўтиб кетгани ҳамда тармоқдаги ҳар қандай кескин чеклов фақатгина фойдаланувчини турли техник ҳийлаларга ундашини англамаётган кўринади.

Инга Сикорская, IWPRнинг Туркманистон ва Ўзбекистон бўйича катта муҳаррири.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.
 

More IWPR's Global Voices