Интернет-нашрлар давлат рўйхатидан ўтказилади

Интернет-нашрлар давлат рўйхатидан ўтказилади

Thursday, 22 March, 2012
, Оммавий Ахборот Воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишни такомиллаштириш ҳақидаги Ўзбекистон ҳукуматининг сўнгги қарори медиа-структуралар, аниқроғи, Интернет-нашрларни қонун воситасида назоратни кучайтириш учун хизмат қилади.



Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон республикасидаги оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини истиқболли такомиллаштириш ҳақида”ги қарорини қабул қилди. Ўзбекистон ахборот ва матбуот агентлиги раисининг биринчи ўринбосари Ўткир Жўраев ушбу ҳужжатни изоҳлай туриб, уни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнини мустаҳкамлашга қарата қўйилган қадам деб баҳолади.



Кузатувчиларнинг таъкидлашича, ҳукумат вакилларининг номаълум ва тушунарсиз баҳоналари сабаб қарорнинг матни давлат ОАВларида эълон қилинмаган. Бироқ ҳукуматнинг айрим манбаларида юқоридаги қарорнинг қисқача баёни берилган. Баёнда белгиланишича, қарорнинг асосий янгилик жиҳати шуки, Интернет-нашрлар ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган оммавий ахборот воситалари қаторида туради.



Жўраевнинг таъкидлашича, бундай қарорнинг қабул қилинишига сабаб айнан Интернет аксар ҳолларда “жорий конституцион тузумни куч билан ағдариш, ҳудудий бутунликка таҳдид” ва “уруш, зўровонлик, терроризм ва диний экстремизм” ҳамда “айирмачилик ва фундаментализм” кабиларга даъват қилишга хизмат қилмоқда.



Юқоридаги фикрга эътироз билдирган Ўзбекистондаги медиа-кузатувчилар бу каби қарорларни давлат цензурасини кучайтиришга қарата қўйилган яна бир қадам, холос, деб ҳисоблайдилар. Масалан, NBCAга экспертлардан бири шундай дейди: “Ўзбекистон ҳукумати Интернет тармоғини ўзининг энг ашаддий душмани деб билади”. Ўз вақтида, Ўзбекистон ҳукумати “уйдирмачи ва душманлар саҳифаси” дея қайд қилган веб-саҳифаларни ўқиган шахслар учун жарима ҳам белгилаб қўйган эди.



Ҳозирда Ўзбекистоннинг миллий доменидан (.uz) фойдаланиб ижтимоий-сиёсий аҳволни ёритадиган ва таҳлил қиладиган бирорта ҳам мустақил Интернет-нашр йўқ. Ҳукумат эса ташқи доменларга чиқишни қаттиқ назорат қилиш билан бирга ўзига ёқмайдиган веб-саҳифаларни Ўзбекистон фуқаролари учун чеклаётир. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати бу хусусда ташқаридан бўлаётган танқидларга жавоб тариқасида ўзининг информацион-таҳлилий веб-саҳифаларини ривожлантирмоқда.



Шу сабабларга кўра, мамлакат аҳолиси маҳаллий ва хорижда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий ва бошқа воқеаларни ҳукумат тарафидан ёритилиши ва дам олиш туридаги (таблоид) нашрлар орасида танлашга мажбур.



Лекин экспертлардан бирининг таъкидлашича, Интернетни назорат қилиш ҳар вақт қийин бўлиб келган. Шунингдек, Интернет-нашрларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш унчалик ҳам тўғри қарор эмаслигини ҳукумат вакилларининг ўзлари ҳам очиқ, равшан тушуниб турибдилар.





(NBCA ҳудуддаги сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади.)





Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists