Ўзбекистон: ўқувчиларни темир-терсак топширишга мажбур қилмоқдалар

Ўзбекистон: ўқувчиларни темир-терсак топширишга мажбур қилмоқдалар

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари хом ашё етишмовчилигини бошдан кечираётган давлат корхонаси учун мажбурий металлолом йиғиш бўйича вилоят мактаблари ўқувчиларини жалб қилган ҳолда расмийлар олиб бораётган кампания юзасидан хавотир билдирмоқдалар.

Ўқувчилар муайян миқдорда металлолом йиғишлари лозим, етарлича темир-терсак йиғолмаган болаларни эса бунинг ўрнига пул беришга мажбур қилмоқдалар.

Фаолларнинг сўзларига кўра, март ойи бошидан бошланган бу ташаббус мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқловчи қонунга зид бўлиб, у ўқувчиларни ўқишдан қолдиради ва давлат томонидан амалга оширилаётган товламачиликка ўхшайди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раиси Суръат Икромов маълумотларига кўра, болаларни темир-терсак йиғишга жалб қилиш фақат вилоят мактабларида кузатилмоқда, Тошкент шаҳрида эса бу борада болалар ҳуқуқларини бузиш ҳоллари кузатилмаяпти.

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бирининг исми ошкор этилмаслигини сўраган директори NBCA билан суҳбатда “юқори”нинг кўрсатмаси билан ҳар бир мактаб ўқувчиси ой сайин 15 килограммдан металлолом топшириши лозимлигини айтиб, шикоят қилди. Темир тополмаганлар эса 2500 сўм (1 АҚШ доллари атрофида) пул топширишлари мумкин экан.

Мактаб директори буни юқоридаги раҳбарлар буюрганини, уларнинг ўзлари эса президентнинг 2010 йилнинг 6 декабрида чиққан “Металл парчаларини тайёрлаш, қора металларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси тўғрисида”ги фармойишига асосланган ҳолда иш кўраётганларини айтди.

Шунингдек, у ўқитувчиларга бундай буйруқни бажариш осон эмаслигини, чунки болаларга бунча миқдордаги темир-терсакни топиш мушкуллигини, уларнинг оилалари эса темир ўрнига пул тўлаш даражасида бой-бадавлат эмаслигини айтиб, нолиди. Бу босим остида қолган ўқитувчилар учун руҳий зарбадир, улар эса, ўз навбатида, ўқувчиларга босим ўтказишга мажбур бўлмоқдалар.

“Шаҳримизда асосан кам таъминлаган кишилар истиқомат қилади, темир-терсак ўрнига пул бериб қўйишга ҳамма ҳам қодир эмас, шунинг учун болалар ҳадеб нормани бажариш лозимлиги ҳақида эслатаверишимиздан безганларидан уйларидан эски ашқол-дашқолларни кўтариб келишларига тўғри келаяпти, - дея нолиди у. – Афсус, бироқ бу мактабнинг хархашаси эмас. Нормани бажариш учун биз ўзимиз ҳам пул тўлашга мажбур бўлаяпмиз”.

12 ёшли чирчиқлик Убайдулла олти бола бўлган катта оиласида пул ҳам, металлоломга топшириш учун эски рўзғор анжомлари ҳам йўқлигини айтади. Икки ҳафтадан буён у ҳар куни эрталаб шаҳар четида жойлашган қабристонга металлолом йиғиш учун боради. Шу важдан унинг дарс қолдиришига тўғри келаяпти.

Тошкент вилоятидаги мактаблардан бирида ўқийдиган Фарҳод металлолом бўйича ўз нормасини топширмагунича уни ўқитувчилар мактабга қўймаганини айтаркан, йиғлаб юборди. “Менга, шусиз мактабга қадам босма, дейишди! Мен эса ахлатхоналарда темир банкаларни қидиришни эмас, ўқишни истайман”.

Ўзини Ольга деб таништирган сирдарёлик тарих ўқитувчиси уларнинг мактабига ҳам темир-терсак йиғиш вазифаси топширилгани, бу металлолом кейин Тошкент вилоятида жойлашган темир маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхона бўлмиш Бекобод металлургия комбинатига қайта ишлаш учун юборилишини гапириб берди.

Расмийлар мазкур тадбир корхонада хом ашё етишмаётгани туфайли ўтказилаётганини эътироф этадилар. Бекобод комбинати матбуот хизмати бошлиғи Мирзомурод Боймурадов завод импорт билан ўз эҳтиёжларини тўла қоплай олмаслигини айтади.

Боймуродов, ҳукумат буйруғига мувофиқ, Ўзбекистон вазирлик ва муассасалари темир-терсак йиғишни таъминлаб беришлари шартлигини тушунтирди.

Бироқ, дея таъкидлади у, ўқувчиларни жамоатчилик асосидаги меҳнатга мажбуран жалб қилиш ҳақида “гап бораётгани йўқ”.

Ўзбекистон таълим вазирлигининг исмини айтмаган ходими ўқувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳақида гапиришдан бош тортди, аммо у, агар бунақа иш амалга оширилаётган бўлса ҳам, бу фақат маҳаллий мактаб директорлари “ташаббусига кўра” қилинаётганини қайд этди.

Ҳуқуқ фаоллари сўзларига кўра, бу кампания болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишни маън қилувчи қонуннинг бузилаётганига яна бир далил бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева темир-терсак йиғишни болалар меҳнати ўлароқ таснифлаш мумкин, деб ҳисоблайди. Гарчи, дея қайд этади у, расмийлар буни бир марталик ижтимоий-фойдали иш сифатида тақдим этишлари мумкин бўлса-да, аслида бундай эмас.

Урлаеванинг сўзларига кўра, у болалар меҳнатидан фойдаланиш жабҳаси кенгайиб бораётганидан ташвишда.

“Ўқувчиларни турли ишларга мажбуран жалб қилиш амалиёти янгилик эмас, бироқ авваллари бундай ҳолатлар унча кенг тарқалмаганди”, - дея таъкидлайди у.

“Темир-терсак йиғиш ҳақида буйруқ чиққанидан кейин болаларга нисбатан суиистеъмол кўлами бир неча баробар ошиб кетди”, - деди Урлаева.

Ўтган йили у раҳбарлик қилаётган ташкилот пахта далаларида ўқувчиларнинг мажбурий ишлатилишини таҳлил қилиб чиққан ва расмий таъқиққа қарамай, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш кенг тарқалган, деган хулосага келганди.

Ўзбекистон конституцияси болалар меҳнатини маън қилиши баробарида 2009 йилда расмийлар мамлакат маъмурий кодексига болаларни эксплуатация қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутган тузатишлар киритгандилар.

Ўқувчиларни темир-терсак йиғишга мажбур қилишни “давлат юлғичлиги” деб атаган Икромов: “Ота-оналардан кўпининг пул бериб қутулишдан ўзга чораси йўқ. Мактаб ўқувчиси мустақил равишда 15 кг металлолом йиғиб топширишни уддалай олмайди, у бунча темир-терсакни қаёқдан олсин?”, деди.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

 

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists