Ўзбекистон: халқ билан интерактив мулоқот

Ўзбекистон: халқ билан интерактив мулоқот

Ноябрь ойида маҳаллий аҳоли телеэкранларда пайдо бўлиб, телетомошабинлар саволларига жавоб бера бошлаган ҳокимларнинг одамлар билан ғайриодатий суҳбатларига гувоҳ бўлди.

Ҳозиргача айрим вилоят ҳокимлари иштирокида бир ярим соатлик кўрсатувлар бўлиб ўтди. Бироқ одамлар мулоқотнинг янги усулини ортиқча иштиёқсиз қабул қилдилар.

Маълумки, ҳукумат туман ва шаҳар маъмуриятлари раҳбарлари зиммасига ҳокимиятга бўлган ишончни орттириб, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга яқинлашиш учун “халқ билан икки томонлама мулоқот”ни йўлга қўйиш мажбуриятини юклаган.

Бошқа кўплаб мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистон телевидениесида бевосита эфирлар уюштириш амалиёти йўқ ва бир қарашда, бу янгиликни маҳаллий ҳокимият органлари ишини шаффофлаштириш ва аҳолини қарор қабул қилиш жараёнига жалб қилиш учун қилинган ишдек баҳолаш мумкин.

Айни пайтда, дейди шарҳловчилар, мавжуд қатъий цензура, ўзгача фикрловчилар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан давом этаётган қатағонлар, том маънода мустақил бўлган оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотларининг йўқлиги бу каби мулоқотлар самарадорлигини шубҳа остига қўяди.

Сўралган телетомошабинлар ҳокимият билан интерактив мулоқот қилиш бўйича тақдим этилаётган имкониятга нисбатан пассив муносабат билдирганлар.

Тошкентлик шарҳловчи телеэфирда одамлар “бировга қаттиқ тегмайдиган” ижтимоий мавзуларга оид саволлар бергани ва уларнинг “режалангани” сезилиб қолганини қайд этади.

Жиззахда яшовчи 45 ёшли Фотима (бу аёлнинг оиласи уйда асосан спорт каналини кўрар экан) телефон орқали бевосита эфирда ҳокимга савол беришни хаёлига ҳам келтирмаганини айтади. “Биз расмийларга ишонмаймиз, чунки улар одамлар фаровонлиги учун эмас, балки ўз раҳбарларига яхши кўриниш учун ишлашади”, - дея мулоҳаза билдиради у.

Бухоролик 33 ёшли Расулжон ҳам расмийларнинг эл оғзидан унинг дардини эшитиш ва муаммоларни ҳал этиш учун нимадир қилиш нияти самимийлигига шубҳа қилади. Бундан ташқари, ҳоким билан телемулоқотга киришишга уринишнинг оқибати телетомошабин учун аянчли бўлиши мумкин.

“Ҳокимга эртага ноқулай савол берсанг, индинга ўзингни қамоқда кўрмаслигингга ҳеч ким ишонмайди”, - дея қўшимча қилади у.

Ўзбекистон бўйича медиашарҳловчи мамлакатда ҳокимият тизими бир кишининг қўлида жамлангани ва халқпарварликка оид “хўжакўрсин” шамалар одамларда ишонч уйғотмаётгани учун ҳозирча ҳокимият билан мулоқот қилишнинг бундай шаклига аудиторияда талаб йўқлигини айтади.

“Аҳолидан саволлар ёғилиб кетишини кутиш ўринсиз, - дейди медиашарҳловчи. - Аммо саволлар келмаган тақдирда, телеканаллар раҳбарлари ўз журналистлари зиммасига нима қилиб бўлса ҳам одамлардан савол йиғиш ва эфирга қўнғироқ қиладиган реал кишиларни тайёрлаб қўйиш мажбуриятини юклайди”.

Сирасини айтганда, ҳокимларнинг ўзларига ҳам интерактив телемулоқот хуш келаётгани йўқ. “Мансабдорлар ортиқча гап айтиб қўймаслик учун жамиятга хос ҳар қандай муаммони муҳокама қилишдан чўчиб турадилар, чунки бунинг ортидан улар ишдан ажраб қолишлари, ҳатто жиноий таъқибга дучор бўлишлари ҳам мумкин”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.  

Frontline Updates
Support local journalists