Ўзбекистон: Каримов қийин замонлардан баҳс этмоқда

Ўзбекистон: Каримов қийин замонлардан баҳс этмоқда

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси аъзолари олдида йил якунларига ҳақида 2012 йил 19 январь куни қилган маърузасида Ислом Каримов янги йилда иқтисодий бўҳрон, экспорт имкониятлари ва валюта киримининг камайиши билан боғлиқ равишда мамлакатни катта қийинчиликлар кутаётганини билдирди. Дунёдаги бўҳрон жараёнлари туфайли режаланган ўсиш суръатининг пасайишини кутиш мумкин.

Президент ўтган йили реал йўқотиш 110 миллион АҚШ долларини ташкил этган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммоларни қайд этди, саноат соҳасида эса ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга материал ва энергия сарфланиш даражаси юқорилигича қолаётганини айтди.

“Бу маъруза Каримовнинг мамлакат боши берк кўчага кириб қолгани тўғрисидаги ўзига хос эътирофидир”, - деб ҳисоблайди тошкентлик мустақил иқтисодчи Сапарбай Жуббаев.

Ўзбекистоннинг интеграциялашмаган иқтисоди ёпиқ давлат статистикаси, миллий валюта бўлмиш сўмнинг конвертация қилинмаслиги, бошқарувнинг қаттиқ маъмурий тизими ва кенг тарқалган яширин механизмлар мавжудлиги билан характерланади. Маҳаллий иқтисодчилар баҳосига кўра, 2011 йилда гиперинфляция кузатилган бўлиб, кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 50 фоизга ошган.

Мамлакат иқтисодиётига европалик енгил саноатчиларнинг пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланилгани учун ўзбек пахтасини импорт қилишдан воз кечганлиги ҳам таъсир қилди. Пахта даромад келтирадиган асосий экин бўлиб ҳисобланади.

Эҳтимолий рецессиянинг олдини олиш чораси сифатида иқтисодий таҳлилчилар хорижий инвестицияларни жалб қилиш, кичик бизнесни ривожлантиришга куч бериш ва транспарентлик устида ишлашни таклиф қилмоқдалар.

Исми ошкор этилишини истамаган ўзбекистонлик иқтисодий тадқиқотчи иқтисодиётда давлат иштирокини минимумга тушириш, жиноий даромадларга қарши кураш бошлаш, давлат амалдорларининг улкан бизнес-индустрияларга эгалик қилишини маън этиш кабиларни тавсия этади. Кейинги қадам сармоядорлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонуннинг қабул қилиниши бўлиши керак.

“Каримов валюта киримларининг қисқаргани ҳақида гапираяпти, бироқ бу ахир кўпроқ Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя ётқизиш истаги йўқлиги важидан содир бўлмоқда-ку, - дея изоҳ беради суҳбатдош. – Чет элликлар “отиб кетилгани”га оид воқеалар шунчалик кўпки, буларни эшитсангиз, Европа бизнеси нима учун Ўзбекистонни четлаб ўтиб кетаётганини дарров тушунасиз”.

Хорижлик сармоядорлар конвертация билан боғлиқ муаммолар борлиги ва кафолат йўқлиги учун мамлакатга келмаяпти.

“Айрим [хорижий] ширкатлар бу муаммо ҳал этилмагунича Ўзбекистонда ишлашдан бош тортганлар”, - дея суҳбатга қўшилади тошкентлик мустақил иқтисодчи Сапарбай Жуббаев.

Аммо муаммонинг ҳал этилиши сиёсий ирода талаб қилади, бу эса “валюта операцияларидан улкан даромад олаётган айрим шахсларнинг манфаатига тажовуз қилиниши”ни англатади, дея қўшимча қилади у.

Тошкентдаги Иқтисодий тараққиётга кўмак маркази директори Юлий Юсупов Ўзбекистон каби аграр иқтисодиёт бўҳронларга унча дош беролмагани учун мамлакат саноатлаштириш йўлидан бориши керак, деб ҳисоблайди. Саноат соҳасининг жонланиши иш ўринлари яратилишига сабаб бўларди ва истиқболдаги рецессия муаммоси ҳал этилишига кўмаклашарди.

Бироқ мазкур чора-тадбирларнинг самарадорлиги Ўзбекистон иқтисодиётига етишмаётган либераллаштириш даражасига боғлиқдир.

АҚШдаги Heritage Foundation халқаро агентлиги маълумотларига кўра, 2011 йил якунлари бўйича Ўзбекистон иқтисодий эркинлик индексида 164-ўринни эгаллаб, “мутлақо эркин бўлмаган” мамлакатлар тоифасига киритилган. Ўзбекистондаги иқтисодий эркинлик баҳоси 45,8 ни ташкил этади, бу эса унинг иқтисодиётини 179 мамлакат орасида 164-ўринга қўяди.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
 

Economy
Frontline Updates
Support local journalists