Мўътабар Тожибоева Андижон воқеалари ҳақида: жамият адолатга муштоқ

Мўътабар Тожибоева Андижон воқеалари ҳақида: жамият адолатга муштоқ

2012 йилнинг 13 май куни Ўзбекистон шарқида жойлашган Андижон шаҳрида тинч намойиш ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилгани натижасида юзлаб кишилар ҳалок бўлган, минглаб кишилар эса жароҳат олган кунга етти йил тўлди.

Бир неча йил давомида расмийлар ўша воқеалар гувоҳлари, уларни ёритган ёки содир бўлган ҳодисалар ҳақида муқобил фикрга эга бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни қатағон қилдилар ҳамда қамоққа олдилар.

Ҳатто 2009 йилнинг кузида бекор қилинган халқаро санкциялар ҳам расмийларни мустақил халқаро текширув ўтказишга мойиллаштира олмади.

Фарғоналик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ва Францияда жойлашган (у ўзбек расмийларини кескин танқид қилгани учун қамоққа олиниб, қаттиқ қийноқларга дучор қилиниб, сўнг қамоқдан озод бўлгач бу мамлакатга кўчиб ўтган) “Ўтюраклар клуби” халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Мўтабар Тожибоева Андижон қирғинидан сўнг ўзбек жамиятида мавжуд кайфият ва ҳуқуқ фаолларининг адолат учун давом этаётган кураши ҳақида гапиради.

Мўтабар Тожибоева: Қонли воқеа, шубҳасиз, ўзбек миллатининг бошига тушган аянчли фожеаларнинг бири сифатида тарихда қолиши аниқ. Бугунги кунда ўзбек халқи ўз дарду ғами билан ёлғизланиб қолди, чунки Ислом Каримов бошқараётган режим кун сайин ўзининг куч-қудратини борган сари мустаҳкамлаб бормоқда.

Минг афсуски, Андижонда бегуноҳ аёллар ва гўдакларнинг қони тўкилганини унутишни истайдиган ўзбек амалдорларига қўл бериб кўришадиган сиёсатчилар сафи кенгайиб бормоқда. Ачинарлиси шундаки, улар Ўзбекистон ҳукумати амалдорларига қўли қонга ботган қотиллар сифатида эмас, балки ҳамкор сифатида қарайдилар.

Пировардида Ўзбекистон қамоқхоналарида одамлар қийноқдан нобуд бўлиш ҳоллари давом этмоқда. Мамлакатда ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга нисбатан таъқиб ва босим кўлами кенгайиб бормоқда. Диндорларни оммавий равишда ҳибсга олишлар тўхтамаяпти.

NBCA: Сизнингча, одамлар ҳали ҳам аввалгидек Андижон воқеалари бўйича ҳақиқат қарор топишини исташадими ёки улар тақдирга тан берганми?

Тожибоева: Ҳа, одамлар ҳали-ҳануз ҳақиқат қарор топишини истайдилар, аммо кўпчилик тушкунликка тушган. Бунинг сабаби шундаки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш давом этаяпти ва биз, ҳуқуқ ҳимоячилари бу ҳақда қанчалик бонг урмайлик, бу соҳада ижобий томонга ўзгариш сезилаётгани йўқ.

Бундай вазиятнинг юзага келишига баъзи ғарб сиёсатчиларининг Каримов режими билан апоқ- чапоқ бўлгани ҳам сабабдир.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хуқуқлари қўмитаси анжуманларида мутлақо уялмасдан жаҳон ҳамжамиятини алдашда давом этаяпти. Улар ўзларининг ёлғон маълумотлари учун жазоланмасликларини биладилар.

NBCA: Сўнгги пайтларда Андижон воқеалари бўйича ҳақиқат қарор топиши учун курашган кишиларнинг овози эшитилмаяпти. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?

Тожибоева: Ўзбек расмийлари Андижон воқеалари бўйича ҳақиқатни талаб қилишни бас қилмаган ҳар қандай кишига нисбатан қийноқ ва қатағон қўллаш билан таҳдид қилади.

Мен бу ерда Европада ташкил қилинган “Андижон – адолат ва тикланиш” ташкилоти ҳақида ҳам айтиб ўтишни истардим, улар ўз-ўзидан жим бўлиб қолганлари йўқ. Бу ташкилотнинг олдига қўйган мақсадларидан бири 2005 йилнинг 13 май куни содир бўлган воқеаларни ёдда сақлаш, мазкур воқеаларнинг Ўзбекистонда ва бошқа мамлакатларда бошпана топган қурбонларини қўллаб-қувватлаш эди. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекистон қамоқхоналарида қўлланиладиган қийноқларни ўз жисмларида синаб кўрганлар. Сўнгги пайтларда бу ташкилот фаол ишлаётганди ва мендаги маълумотларга кўра, Андижон фожиаларига алоқадор қийноқ қурбонларининг якка тартибдаги шикоятларини БМТга топшириш учун ҳаракат қилаётганди. Аммо таҳдидлар туфайли улар ўз фаолиятини чеклашга мажбур бўлдилар.

Агар жаҳон ҳамжамияти ўзбек режими содир қилаётган жиноятларга кўз юмишга ҳаракат қилаверса, биз диктатурага қарши олиб бораётган кураш усулларимизни ўзгартиришимиз ва фаолиятимизни кучайтиришимиз керак бўлади. Мен, гарчи бу ҳаёт учун хавфли бўлса-да, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар бундан буён ҳам Ўзбекистон ҳукумати содир этган жиноятларига жавоб бериши учун уларни фош этишда давом этади, деб умид қиламан.

Афсуски, мени Андижон воқеаларининг гувоҳларидан бири сифатида ғайриқонуний равишда ҳибсга олдилар ва аёвсиз қийноққа солдилар. Бироқ мен адолат қарор топиши учун масъулман. Бугунги кунда Андижон фожеалари ва системали қийноқлар юзасидан қўлимизда мавжуд бўлган ҳужжатлар устида ишламоқдамиз.

Ташкилотимиз Андижон фожеаси қурбонларидан бири, ҳозир Голландияда яшаётган Ҳусан Рўзиевнинг якка тартибдаги шикоятини ёзиб, уни БМТ инсон ҳуқуқлари ва қийноқларга қарши қўмитасига ҳавола қилди. Шунингдек, ўзим ҳам Андижон воқеалари жабрдийдаси сифатида ушбу қўмитага якка тартибдаги аризамни топширмоқчи бўлиб турибман.

Биз Андижон воқеаларидан сўнг бегуноҳ кишиларга нисбатан қийноқ қўллаш буйруғини берган ўзбек расмийларининг Европа давлатларига киришига таъқиқ қўйилиши масаласи устида ҳам ишлаяпмиз. Бу асло жазосиз қолмаслиги керак.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

Human rights
Frontline Updates
Support local journalists