Ўзбекистон: ижтимоий нафақалар қисқартирилади

Ўзбекистон шимолий-ғарбида яшайдиган уч фарзанднинг онаси Малоҳат жорий йил бошидан ҳукумат болалар учун берадиган нафақаларни қисқартириши ва бировнинг қарамоғида бўлган болалар ёшини 18 дан 14 ёшга тушириши тўғрисидаги хабарни ваҳима билан қарши олди. 

“Эрим ойига 250 минг сўм [85 АҚШ доллари] маош олади. Мен ишламайман, уйда фарзандларим билан ўтираман. Нафақа бизга очликдан ўлмасликка имкон берарди, энди эса бизни шу озгина пулдан ҳам маҳрум қилишмоқда”, - дея йиғлайди аёл.

Декабрь ойи охирида расмийлар янги йилдан вояга етмаган фарзанди бор оилалар ҳамда кўп фарзандли оилаларга тўланадиган ижтимоий тўловларни қисқартиришни кўзда тутувчи ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини “такомиллаштириш” бошланишини эълон қилдилар.

Янги стандартларга кўра, битта фарзанди бор камбағал оилалар аввалги 27 АҚШ доллари ўрнига 22 АҚШ долларига тенг бўлган қўшимча тўлов оладилар, тўрт нафар фарзанди бор оилалар эса ойига 32 АҚШ доллари миқдорида нафақа пули олади.

Шу пайтгача ҳам Ўзбекистонда бошқа вояга етмаган болалар, оналар ва пенсионерларга тўланадиган нафақа пуллари қўшни мамлакатларга нисбатан энг паст кўрсаткични ташкил қиларди. Масалан, Қозоғистонда кўп фарзандли оналар ҳар ойига 56 АҚШ доллари, Украинада эса 103 АҚШ доллари миқдорида нафақа пули оладилар.

14 январь куни ўзбек расмийлари кўп фарзандли оналар ва вояга етмаган болалар учун тўланадиган нафақа пуллари камайтирилишидан ташқари, зарарли саноат корхоналарида ишлаши муносабати билан имтиёзли нафақа олишга ҳақли бўлган кишилар сони ҳам қисқартирилишини маълум қилдилар.

Энди зарарли саноат корхоналарининг 20 та тоифадаги ишчилари, жумладан, симоб подстанциялари ва кокс ишлаб чиқариш корхоналарининг ходимлари, нафақага белгиланган муддатдан аввалроқ қўшимча пенсия бонуслари билан чиқиш ҳуқуқидан мосуво этилмоқда. Ишининг зарарлиги сабабли оширилган пенсия олиш имконига эга бўлган кишилар сони қарийб 50 фоизга қисқартирилган.

Икки йилдан сўнг қўшимча ижтимоий тўловлар билан пенсияга чиқиши лозим бўлган Тошкентдаги симоб подстанциясининг кекса ходими ўзини бошқа ҳамкасблари каби алдангандек ҳис қилади.

“Энди у [давлат] бизни зарарли саноатларда ишлаётганимиз сабаб берилиши лозим бўлган озгина нарсадан ҳам маҳрум қилаяпти, - дея нолийди у. – Давлатнинг инсонлар тақдири билан иши йўқ”.

Тошкентлик мустақил иқтисодчи Дилмурод Холматов давлатнинг молиявий аҳволи қийин бўлса керак, дея қайд этади.

“Ижтимоий нафақалар бир неча йил давомида стабил даражада ушлаб турилганди, энди эса давлат зиммасидаги ижтимоий мажбуриятларни бажаришга қодир эмаслиги тан олаяпти”, - дейди Холматов.

Тошкентлик иқтисодчи Бахтиёр Иноғомовнинг айтишича, “Давлат... инсонларни бундан буён ижтимоий нафақаларга умид қилмасликка тайёрлаяпти. Хазинада жонли пул йўқ, шунинг учун давлат бюджети нафақаларни кўтара олмаяпти”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.