Ўзбекистон: газ ва электр танқислиги

Ўзбекистоннинг жанубий, ғарбий ва марказий ҳудудларида истеъмолчилар совуқ тушиши билан табиий газсиз қолдилар, газ танқислиги эса электр ўчирилиши ва ёнилғи нархининг ошиши қабатида янада яққолроқ сезилмоқда.

Одамларнинг гапларига кўра, бундай вазият сўнгги 5 йилдан буён давом этаяпти. Газ танқислиги Сирдарё, Жиззах, Хоразм, Навоий вилоятлари ҳамда мамлакатнинг аҳоли кўп истиқомат қиладиган минтақаси бўлмиш Фарғона водийсида кузатилмоқда.

Тошкент вилоятининг Бектемир туманида яшовчи кишилар ташқарида ҳаво ҳарорати минусга тушиб кетганига қарамай, уларнинг уйларига газ сўнгги 15 кундан бери - ноябрь ойи ўрталаридан буён берилмаётгани ҳақида сўзлаб бердилар. Болалар ҳаво ҳарорати кўчадагидек бўлган мактабларга бормаяптилар.

«Ўқувчилардан мактабга келмасликни ўқитувчиларнинг ўзлари сўраяпти, чунки яхлаб ётган бинода ўқишнинг имкони йўқ, шамоллаганлар сони ортиб бормоқда», - деди Бектемир туманидан бўлган 5-синф ўқувчисининг онаси Насиба.

Фарғона вилоятининг Данғара тумани Найманча қишлоғида истиқомат қилувчи Адолат сўнгги йилларда газ бўлмаслигига кўникиб ҳам қолган. У уй иситиш ва овқат пишириш учун ҳар йили кузда ўтину тезак сотиб олади ва қачонлардир газ бўлишига умид ҳам қилмайди.

Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидан бўлган талаба уларнинг уйларида фақат газ йўқ бўлибгина қолмай, ҳар куни электрни ўчириб қўяётганларидан ҳам шикоят қилди.

«Чироқни фақат эрталаб соат 7 дан 9 гача, кечқурун эса 8 дан 10 гача беришаяпти. Бошқа пайт чироқсиз ўтирамиз, - дея нолийди у. – Ҳокимиятдан бизга бутун мамлакатда электр таъминоти муаммога айланганини, чунки Қозоғистон электр энергияси етказиб бермай қўйганини айтишди».

«Ўзбекнефтегаз» миллий холдинг ширкати матбуот марказидагилар аҳолини табиий газ билан таъминлашдаги муаммолар ҳақида ҳеч нарса билмасликларини билдиришди.

«Буларнинг ҳаммаси уйдирма, биз газга бой бўлган мамлакатмиз, қандай қилиб одамлар газсиз ўтириши мумкин, - деди ширкатнинг исмини айтишдан бош тортган ходими. - Ҳаммага газ етказиб берилаяпти. Уни ололмаётган одамлар ё газ ҳақини тўламаган, ёки тармоқда техник узилишлар бўлган, аммо биз узилишлар бўлганини қайд этганимиз йўқ».

Бироқ Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида яшовчи Сумрат оиласининг газдан қарздор эмаслигини, уларнинг қишлоғидаги қувурларда ҳам бирор носозлик йўқлигини, аммо барибир газ келмаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бир неча уйда яшовчи одамлар йиғилиб, ўтин ва кўмирни иқтисод қилиш учун умумий қозонда овқат пиширишмоқда.

«Одамлар ўрганиб ҳам қолишди, билишадики, қиш келди – совуқ забтига олади, уй иситиш ва овқат тайёрлашнинг чорасини кўриш керак», - дейди у.

Ҳозир Ўзбекистонда бир тонна кўмир 420 минг сўм (тақрибан $170), ўтиннинг бир тоннаси эса 500 минг сўм (тақрибан $200) туради. Табиий газ қиймати эса 2012 йилнинг 1 октябридан истеъмолчилар учун 14 фоизга ошган.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.