Ўзбекистонда ОИТВга чалинган норасидаларни болалар уйига қабул қилмаяптилар

  • Тошкентдаги ОИТС маркази. (IWPRнинг фотосурати)

ОИТВга чалинганлик ташхиси бўлган 7-8 ёшли тўрт болани болалар махсус муассасаларига қабул қилиш рад этилди, дея маълум қилдилар ОИТВ-ОИТС тарқалишига қарши курашаётган фаоллар.

Ўзларининг рад жавобларида амалдорлар Вазирлар маҳкамасининг 2011 йил 23 августда чиққан қарорига таянмоқдалар. Мазкур қарорга мувофиқ, ОИТВга чалинган болалар ногиронлар учун интернатларда туриш ҳуқуқига эга эмаслар. Қарорда ОИТВ билан бир қаторда сил, ўткир юқумли касалликлар ва таносил хасталиклари ҳам қайд этилган.

«Ота-оналари ташлаб кетган ОИТСга чалинмиш ва туғма иллатларга эга бўлмиш болалар қаерда туришлари кераклиги ҳақидаги масала очиқ қолмоқда», - деди Тошкентдаги ОИТВ муаммоси билан шуғулланадиган ноҳукумат ташкилоти фаоли.

У шу йил баҳорида махсус болалар интернати раҳбарияти ОИТВга чалинган қизалоқнинг бобосига, агар у набирасини боқишни ўз зиммасига олса, молиявий ёрдам кўрсатишни ваъда қилиб, уни уйга олиб кетишга мажбур қилганига оид мисолни келтирди.

Ҳеч қандай ёрдам ололмаган нафақахўр васий бир неча ой ўтгач, набирасини яна болалар уйига қайтаришга қарор қилган, бироқ у ерда унга бола ОИТВга чалинганини айтиб, қатъий тарзда рад жавобини берганлар.

Бу каби ҳолатга ОИТВга чалинмиш бошқа болалар ҳам рўбарў келганлар.

Маҳаллий ноҳукумат ташкилотлари, Ўзбекистон Саратонга қарши кураш жамияти ва ОИТВга чалинган одамлар ҳамжамияти бу муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилиб кўрганлар. Улар юқори инстанцияларнинг 14 тасига, шу жумладан, президентга, Халқ таълими вазирлигига, Соғлиқни сақлаш вазирлигига, Вазирлар маҳкамасига хат йўллаб, бу дардга чалинган болаларнинг бундан буёнги тақдири тўғрисидаги масалани ўртага қўйганлар.

«ОИТВга чалинган одамлар ҳамжамияти» директори Сергей Учаев давлатнинг бу тахлит муносабатидан норози.

«[Расмийлар] фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари устидан ҳатлаб ўтиб кетаяптилар, - дейди у норози оҳангда. – Болалар қонун бўйича давлат томонидан муҳофаза этилиши лозим бўлган мамлакатда бу ғирт дискриминациядир».

Ушбу мақола ёзилаётган пайтда тўрт нафар бола Сил санаторийси ва Вирусология илмий-текшириш институти каби турли даволаш ва махсус муассасаларда вақтинча яшаб тургандилар.

Ўзбекистонда ОИТВга чалинган болалар сони ҳақида расмий статистика йўқ. Республика ОИТС маркази маълумотларига кўра, Ўзбекистонда умумий ҳисобда 21553 нафар ОИТВга чалинган фуқаро истиқомат қилади. Улар сони ҳар йили тақрибан уч ярим минг кишига кўпаймоқда.

Бироқ мустақил мутахассислар вирус ташувчиларнинг ҳақиқий сони расмий маълумотлардан уч баробар кўп эканини таъкидлайдилар.

Болаларга бу иллат қандай қилиб юққани ҳақида ҳеч қаерда айтилмаган. Бироқ, маҳаллий шифокор-педиатрнинг айтишича, махсус марказ қайдида ОИТВга чалинган 400 га яқин бола туради. Шифокорнинг сўзларига кўра, мамлакатда бундай болалар сони 2500 га етиши мумкин.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.