Interview

Александр Шустов: Россия-Ўзбекистон муносабатлари Тошкент позицияси билан белгиланади

Россия стратегик тадқиқотлар марказининг етакчи эксперти Александр Шустов NBCentralAsiaга берган интервьюсида АҚШ ва Ўзбекистон алоқаларининг фаоллашуви, бу мамлакатнинг КХШТдан чиқиши ҳамда Кремлнинг Қирғизистон ва Тожикистондаги ГЭСлар қурилишини қўллаб-қувватлаши (бу эса Тошкентнинг ғашига тегаётгани аниқ) қабатида Москва ва Тошкент муносабатлари истиқболи ҳақида сўз юритди.

NBCA: Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий йўналиши Ғарбга томон ўзгаргани ҳақида борган сари кўп гапирилмоқда. Бу айниқса мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиққанидан кейин янада кўпроқ сезиладиган бўлди. Бундай бурилиш, сизнингча, нима билан боғлиқ?

Александр Шустов: Таҳлилчиларнинг кўпчилиги Ўзбекистон АҚШдан ҳарбий ва сиёсий хавфсизлик кафолатини олган, деган хулосага келганлар. Акс ҳолда, АҚШ 2014 йилда ўзининг Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлигини сезиларли даражада қисқартириш ёки уни тугатишни режалаштириб турган бир пайтда Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиш қарорини тушунтириш мушкул.

Ўзбекистон ташқи сиёсий йўналишининг Россиядан узоқлашиши анча олдин бошланган. 2008-2009 йилларда Тошкент Ғарбдаги йирик давлатлар билан 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин бузилган алоқаларини тиклаш учун заминни эҳтиёткорлик билан пайпаслаб кўра бошлаганди. Ўрни келганда айтиш керакки, бу алоқалар бузилишини ғарбдаги казо-казолар мутлақо истамагандилар, чунки улар Афғонистонда ҳарбий ҳаракатларни олиб бориш учун Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланишдан манфаатдор эдилар. Улар бу ишни жамоатчилик фикри ва оммавий ахборот воситалари босими остида амалга оширишга мажбур бўлгандилар.

NBCA: Ўзбекистонда қабул қилинган ташқи сиёсий концепция ҳарбий зиддиятлар содир бўлган тақдирда бетараф қолишни назарда тутади. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаси очилиши режалаштирилмаётганини билдирди, шу билан бирга, у америкалик мутахассислар иштирокида аллақандай мувофиқлаштирувчи штаб пайдо бўлиши мумкинлигини истисно қилмади. Расмийлар шу йўсин нейтрал изоҳотлар билан ғарб ҳарбий ҳозирлиги кучайишини яширишни истаяптилар, десак бўладими?

Шустов: Ўзбекистон ҳудудида АҚШ ҳарбий базаси пайдо бўладими-йўқми – бу борада ҳали аниқ бир гап йўқ. Америка расмийлари ҳам, Ўзбекистон расмийлари ҳам бундай эҳтимолни рад этмоқдалар. Бошқа томондан эса, Вашингтоннинг Тошкент билан алоқаларни, шу жумладан, ҳарбий алоқаларни актив йўлга қўйиш бўйича хатти-ҳаракатлари айнан шу мантиққа мос келаяпти. Бўлмаса, АҚШ Афғонистондан олиб чиқадиган катта миқдордаги қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника нима учун Ўзбекистонга қолдирилаяпти? Америкалик 17 нафар юқори лавозимли генерал ва адмиралнинг яқиндаги [изоҳ – 2012 йил октябридаги] Тошкентга ташрифи қандай мақсадни кўзлаган?

Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий объектлари пайдо бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас, бироқ улар база деб эмас, транзит марказлари, мувофиқлаштирувчи штаблар ёки шунга ўхшаш ном билан аталади. Бунда кўп нарса америкаликлар Қирғизистондаги «Манас» аэропортидаги [изоҳ – Афғонистондаги коалиция қўшинлари таъминоти учун транзит юк ташиш маркази] ҳозирлигини сақлаб қолиш-қолмаслигига боғлиқ. Қирғизистоннинг янги раҳбарияти 2014 йилда АҚШ базасини чиқариб ташлаш режасини тасдиқлаган, америкаликлар эса бу базани сақлаб қолишга уринишлари ҳақида билдирганлар. Агар уни сақлаб қолишга муваффақ бўлинмаса, америкаликларнинг база учун бошқа жой қидиришларига тўғри келади.

NBCA: Шу йилнинг сентябрь ойида Қирғизистонга қилган сафари чоғида Россия президенти Владимир Путин Қамбарота-2 гидроэлектростанцияси қурилишини қўллаб-қувватлади ва Қирғизистонда ҳарбий база очиш ҳақида шартлашди, бу эса расмий Тошкентга ёқмаслиги аниқ. Россия Ўзбекистон билан мубоҳасага киришар экан, қирғиз қартасини ишга соладими?

Шустов: Путин Россия базасини очиш ҳақида шартлашгани йўқ. У пайтда Қирғизистонда анчадан буён мавжуд бўлган Россиянинг тўрт ҳарбий объектини жамлаш орқали бирлашган ҳарбий база яратиш ҳақида келишувга эришилди, холос. Бу ҳарбий объектлар ҳеч қанақа аксилўзбек йўналишига эга эмас, улар бевосита Қирғизистон Республикасининг хавфсизлигини таъминлаш ва КХШТнинг жанубий қанотини муҳофазалашга мўлжалланган.

Йирик ГЭСлар қурилиши ҳақидаги масала эса анча мураккаброқ. Марказий Осиё учун сув масаласи бугунги куннинг ўзида сал бўлмаса нефть ва газдан кўра аҳамиятлироқ бўлиб қолмоқда. Агар Россия бу лойиҳаларда иштирок этишдан четланса, унинг ўрнини бошқа ўйинчилар – тегишли ресурсларга эга бўлган Хитой, Эрон, Ҳиндистон каби давлатлар эгаллаб олади. ГЭСлардан Ўзбекистонга босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланиш имкониятига келсак, Бишкекка ташриф якунларига бағишланган матбуот анжуманида Владимир Путин барча манфаатдор томонларга бу лойиҳаларда, жумладан, уларни бошқаришда иштирок этишни таклиф қилди. Иштирокнинг бундай шакли босим эҳтимолини йўққа чиқаради.

NBCA: Сизнингча, Тошкент ва Москва алоқалари бундан буён қай йўсинда ривожланади?

Шустов: Россия-Ўзбекистон ҳамкорлиги кўп жиҳатдан Тошкентнинг позицияси билан, унинг АҚШ ва НАТО билан муносабатлари қай йўсинда ривожланиши билан белгиланади. Россия ва КХШТнинг позицияси Ўзбекистон билан алоқаларни узмасликда акс этади. Билъакс, Тошкентнинг ташқи сиёсий йўналиши ўзгарган тақдирда биз уни яна КХШТ таркибида кўришни истардик. Бу иқтисодий алоқалар жабҳасига ҳам дахлдор – Ўзбекистонни ҳеч ким МДҲ иқтисодий майдонидан мажбуран чиқариб юбормоқчи эмас. Аксинча, Москва иқтисодий интеграциялашувдан манфаатдор ва Тошкентнинг эркин савдо ҳудудига кириши фақат олқишланади, холос.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.