Ўзбекистон: интернетдан фойдаланувчилар цензурага қарши курашмоқда

Тошкентлик 27 ёшли менежер Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган сайтлардан маълумот олиб туради. У маҳаллий провайдерлар томонидан маън қилинганлар рўйхатига киритилмиш Fergananews.com, uznews.net, dw.de, centrasia.ru, eurasianet.org, ozodlik.org каби веб-саҳифаларнинг доимий муштарийсидир.

Бу қиз ўзининг кўплаб дўстлари каби тўсиқларни айланиб ўтишни ўрганиб олганида ваҳимали бир жиҳат кўрмайди. Унинг сўзларига кўра, турли туман ахборотларни ўқиш унга барча янгиликлардан бохабар бўлиш имконини беради.

“Менга содир бўлаётган воқеалар қизиқ, - дейди у, - шунинг учун ҳам мен [прокси-сервердан] фойдаланиб, барча сайтларга кираман. Биз бу ерда яшаб, воқеликнинг давлат интернет-порталларида ёзилганига мувофиқ эмаслигини кўриб турибмиз, шунинг учун ҳам тўсиқларни айланиб ўтиб, мустақил ресурсларни ўқиймиз”.

Тошкентлик талаба йигит 4 йилдан буён прокси-сервердан фойдаланар экан. Гарчи сервер вақти-вақти билан осилиб қолса-да, маълумот керак бўлгани учун у бунга сабр қилишга тайёр.

“Мен сиёсат ҳақида объектив янгиликларни ўқишга қизиқаман, - дейди у. – Мен интернетдаги цензурани ҳақиқатни билиш учун айланиб ўтаман”.

Маҳаллий киберцензорлар таъқиқланган сайтлар сирасига қирққа яқин интернет-ресурс кириб, булар асосан мустақил хорижий сайтлар, мухолифатчилар ва ҳуқуқ фаолларига оид порталлардир.

Сўнгги пайтларда расмийлар тўлқинсимон блокировкадан тобора кўпроқ фойдаланмоқдалар, бунда кун мобайнида айрим сайтлар баъзан очиқ бўлиб, бир муддат ўтганидан кейин эса яна тўсиб қўйилмоқда.

Ўзбекистондаги блогсфера шарҳловчиси бир неча кун мобайнида турли сайтларга кириш имкониятини синовдан ўтказди ва масалан, авваллари кириш имконияти бўлмаган Voice of America (Америка Овози) очилаётганини, bbc.com сайтига ҳам, iwpr.net сайтига ҳам ҳозирда кириш имконияти мавжудлигини қайд этди.

Ўзбекистон киберфазосида киберцензуранинг кучайиши 2011 йил баҳорида бошланган қатор араб инқилоблари билан бир пайтга тўғри келди. (Ўзбекистон: ижтимоий тармоқлар махсус хизматлар нишонида).

Кейинроқ, июнь ойида махсус хизматлар жаҳон ўргамчак тўри устидан шунингсиз ҳам қаттиқ назоратни бир неча бор кучайтирган ҳолда, ўнлаб интернет-сайтларга кириш йўлини тўсиб қўйдилар. Орадан бир ой ўтгач, парламент Ўзбекистонга қарши “ахборот уруши” олиб борилаётибди, деган қарорга келди ва “режали кураш”нинг муқобил йўлини таклиф қилди. (Ўзбекистон: Интернет "бузғунчи куч" ўлароқ эътироф этилди).

Бундай қарор президент Ислом Каримовнинг интернетда ижтимоий жиҳатдан фаол ёшларни “ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида” фойдаланаётган кучлар фаолият олиб бораётгани ҳақида оммавий ахборот воситалари ходимларига қилган мурожаатидан кейин қабул этилди.

Ўзбекистон тармоқларида ёшлар фаолроқ қатлам бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг сўнгги маълумотларига мувофиқ, қарийб 30 миллион аҳоли истиқомат қилаётган мамлакатда интернетдан фойдаланувчилар сони 9 миллиондан ошиб кетган. Фойдаланувчиларнинг тақрибан 80 фоизини эса ёшлар ташкил қилади.

Турли ҳудудлардан бўлган шарҳловчилар прокси ва туннелларни кешловчи анонимайзерлардан фойдаланиш фойдаланувчилар орасида анча кенг тарқалганини айтдилар.

“Илғор ёшлар ҳеч бир қўрқув-ҳадиксиз киберцензурани айланиб ўтишнинг барча технологияларидан фойдаланмоқда”, - дея қайд этади қаршилик талаба.

Бироқ кўплаб юзерлар киберцензурани айланиб ўтиш йўллари билан таниш бўлсалар-да, анонимайзерлар чакалакзорлари бўйлаб юришга ботинолмаяптилар. Улар эҳтиёткор бўлишни ва таъқиқланган сайтларга кирмасликни маъқул кўрмоқдалар.

“Мухолифат сайтларини Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати блокировка қилаётгани, бундай сайтларга кираётганлар эса овланаётгани ҳақида эшитганларида уларнинг ҳадиги чандон ортиб кетаяпти”, - дея қўшимча қилади талаба.

2012 йилнинг сентябрь ойида Freedom House халқаро ташкилоти “Интернетдаги эркинлик” деб номланган навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Унда сўнгги йил мобайнида Ўзбекистон онлайн-муҳитида цензура кучайгани айтилган ҳамда мамлакат интернет душмани бўлган 14 давлат рўйхатига киритилган.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.