Ўзбекистон: ёмон ишлаган амалдорлар жазоланди

12 октябр куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойларни ўз вақтида қуриш ва фойдаланишга топширишни таъминлаш ишлари етарли даражада ташкил этилмаганлиги учун” Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари раҳбарлари, “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси ва акциядорлик-тижорат банкининг фаолиятини танқид қилди.

Ҳукумат мамлакатнинг ўн битта туманида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳа бўйича уй-жойлар қуриш йиллик режаси бажарилмагани учун маҳаллий мансабдорларга масъулият юклади ва бу туманларнинг раҳбарларига қаттиқ ҳайфсан эълон қилди.

Мансабдорларга нисбатан қўлланилаётган кескин чоралар ва жиноий жазолар президент Ислом Каримов томонидан қуйи мансаблардаги бошлиқларнинг “қонунга оғишмай риоя қилиши” ва одамлар эҳтиёжларига эътиборлироқ бўлиши бўйича 2012 йилнинг 16 март куни шаҳар халқ депутатлари кенгашида очиқланган талабларнинг мантиқий давоми бўлиб ҳисобланади.

“Бу сўзлардан кейин ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига майда мансабдорларни диққат билан кузатиш ва уларни имкон қадар кўпроқ қамаш бўйича топшириқ берилган”, - деди Ўзбекистон парламентидаги Либерал-демократик блокнинг исми ошкор қилинишини истамаган депутати.

Йил бошидан буён биргина Тошкент шаҳрида Бектемир тумани ҳокими, Миробод туман ҳокимининг ўринбосари, Тошкент ҳокимияти қурилиш бўлимининг бошлиғи, бинолардан фойдаланиш департаменти раҳбари, Олмазор туман ҳокимининг биринчи ўринбосари аввал истеъфога чиқарилиб, сўнгра қамалди.

Аммо, кузатувчиларнинг айтишларича, муаммонинг асосий сабаби мансабдорларнинг ўзларида эмас, балки қўйилган вазифаларни ҳал қилиш учун механизм ва ресурсларнинг йўқлигидадир.

Биринчидан, бу малакали ишчи кучи ва амалий иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Ҳар йили бир неча минг маҳаллий қурувчи турли лойиҳалар устида ишлаш учун Қозоғистон ва Россияга пул топишга кетади. Иккинчидан, бу бюджет тушумларининг озлиги ва Ўзбекистон иқтисодиётининг ёпиқлиги туфайли соҳаларнинг мунтазам равишда тўла молиялаштирилмаётгани билан боғлиқдир.

Вазирлар Маҳкамасининг бу галги мажлисида “2013 йил учун қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш дастурини тайёрлаш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, бироқ бу дастурни амалга ошириш муддати тугаганидан кейин ҳозирда бўлгани каби муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

“Бюджетда бу вазифани бажариш учун учун пул йўқ, - дейди тошкентлик таҳлилчи. – Одамлар уй-жой коммунал хўжалиги тарифларининг юқорилиги ва қишлоқларда турар-жойларнинг етишмаслигидан норози, шунинг учун ҳам уй-жой қурилиши ва коммунал соҳа мамлакат раҳбарияти учун оғриқли масалалардир”.

Агар расмийлар ҳақиқатан вазиятни яхшилашни истасалар, ҳибсга олинишдан қўрқиб, барибир ҳеч иш қилмайдиган мансабдорларни қамаш ўрнига коммунал ва қурилиш мажмуасини модернизация қилиш ҳақида қайғуришлари лозим, деб ҳисоблайди тошкентлик сиёсатшунос Баҳодир Сафоев.

“Ҳар бир мансабдор охир-оқибат борар жойи қамоқхона бўлиши мумкинлигини тушунади”, - дея хулосалайди у.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.