Каримов ва Бердимуҳаммедов сув уруши ҳақида гаплашиб олади

2012 йилнинг 1-2 октябрь кунлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Туркманистонга расмий сафар билан боради.

NBCentralAsia таҳлилчилари Ўзбекистон лидери Ашхободга Қозоғистон ташрифидан уч ҳафта ўтгач бораётганини, бу эса, экспертлар фикрича, унинг учун сув-энергетика масаласида яна бир бор ўз ҳамкасблари қўлловига эга бўлиш зарурати билан боғлиқ эканини қайд этмоқдалар.

Аввалроқ Остонага ташрифи чоғида Каримов Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан суҳбатлашаркан, қўшни Қирғизистон ва Тожикистонда ГЭСлар қурилиши билан боғлиқ ҳолда Марказий Осиёда сув муаммоси туфайли уруш чиқиши мумкинлигини истисно қилмаганди.

Марказий Осиёдаги сув заҳираларининг 80 фоизи бу икки тоғли республикада шаклланади, дарёлар қуйисида жойлашган бошқа уч мамлакат эса сув тақчиллиги туфайли доим қўшнилар билан баҳс қилиб келади.

Йирик гидрообъектларнинг қурилиши сув тақчиллиги ва минтақада қўшнилар таъсири ошиб кетишидан чўчиган Тошкентнинг мудом ғашига тегиб келган.

“Каримовнинг хавотирлари расмий Остона томонидан қўллаб-қувватланди ва ўшанда [ташриф чоғида] Назарбоев Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон сув тақчиллигини ҳис қилаётганини билдирди, - дейди тошкентлик таҳлилчи Қурбон Ювшанов. – Эндиликда Каримов Бердимуҳаммедовга ҳам сув урушлари ҳақида гапириши эҳтимолдан ҳоли эмас”.

Гарчи Туркманистон ва Қозоғистон лидерлари аввал ҳам бу масалада расмий Тошкентни қўллаган, Қамбарота ва Роғун ГЭСлари қурилиши бўйича лойиҳалар халқаро экспертизадан ўтказилишини ёқлаган бўлсалар-да, Ўзбекистон лидери имкон бўлиши билан бу мавзуда яна гаплашиб олиш имкониятини қўлдан бой бермаяпти.

“Моҳиятан Каримов Ашхобод ва Остонани сув етказиб берувчи қўшни мамлакатларга қарши радикал чоралар кўришга чақирмоқда ва уларнинг йўлига тўсиқ қўйишда бундан буён ҳам давом этса керак”, - дея ўз сўзини хулосалайди Ювшанов.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.